вторник, 6 мая 2014 г.

Қатра

Касб тақозоси ва мажбуриятлар таъсирида виждонингизга қарши борасиз. Ҳаётий ақидаларингизни четлаб ўтасиз. Тил кўнади, дил йиғлайди.




Сиз 8 март байрамини турли сабабларга кўра ёқтирмайсиз. Ишхонада йиғилиш бўлади. Ҳамма аёлларни табриклайди. Сиз ҳам жим турмайсиз. Ичингизда ижирғансангиз ҳам, ташқарига чиқармайсиз. Табриклайсиз. Тил кўнади, дил йиғлайди.

Бир жойга борасиз. Вазиятни ўрганасиз. Танқид қилиш керак бўлган қисми 70 фоиз. Мақташга арзигулик қисми 30 фоизни ташкил қилади. Ўша 30 фоиз атрофида фикр юритиб, мақола ёзасиз. Қўл кўнади, дил йиғлайди. 


Бир хира келади. Таниши ҳақида мақола чиқиши кераклигини айтади. Бунинг эвазига яхшигина рағбатлантиришини айтади. Қарайсиз, мақола ёзишга арзимайди. У яна илтимос қилади. Қўл ҳам кўнмайди, дил ҳам кўнмайди.

Йўлда кетяпсиз. Қаршингиздан нафратланадиган одамларингиздан бири чиқиб қолди. Сўрашиш керак. Шунчаки эмас, жилмайиб. Юз кўнади, дил йиғлайди.

Танишингиз бир нарсани илтимос қилади. Хўп дейсизу, вақтида бажаришни унутасиз. Келишилган вақтда у қўнғироқ қилади. Жавоб берай десангиз, унинг илтимоси қилинмаган. Ноилож “товушсиз” тугмасини босиб қўясиз. Қўл кўнади, дил йиғлайди.

Машинада кетяпсиз. Яқинларингиздан бири касал, шошиляпсиз. Пиёдалар ўтиш жойидан бир одам имиллаб юряпти. Кутишга
вақт йўқ. Газни босасиз. Оёқ кўнади, дил йиғлайди.

Узоққа бормайсиз. Қизил таёғини кўтариб, яшил формали ака чиқади. У ҳақ, сиз қоида буздингиз. Уйдаги вазиятни тушунтиришдан фойда йўқ. Чунки сизгача ҳамма шу гапни айтган. Муомала қиласиз, келишасиз. Чўнтак ҳам йиғлайди, дил ҳам йиғлайди.

Акахонлардан бирининг туғилган кунига борасиз. Табриклаш навбати сизники. Бундай ҳолатда “Кола” кўтарган ҳолда билдирилган табриклар ўтмаслигини билдиришади. Наилож, спиртли ичимликни мажбуран қўлга оласиз. “Ба нияти шифо” деб кўтарасиз. Қўл кўнади, дил ҳам кўнади, лекин иймон йиғлайди... Ўкириб йиғлайди. Елкангиздаги фаришталар “шу банда қирқ кун ичида вафот этмасинда, акс ҳолда тўғри дўзахга равона бўлади” деб хавотирга тушадилар...


Ҳеч қачон иймон йиғламасин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий