понедельник, 21 апреля 2014 г.

Ким бўлиб яшаш муҳимми, ким бўлиб ўлишми?

Бу воқеани эшитганимга анча бўлди. Тан олишим керак, менга воқеани ўз қулоғи билан эшитган одам ҳикоя қилиб берган. Шундай бўлсада, сизларга асл ҳолида тақдим этишга қарор қилдим. Агар ўзимдан қандайдир гап қўшиб юборган бўлсам, Аллоҳ кечирсин.


Анча йиллар ҳажга бориш истагида яшадим. Аллоҳ насиб қилган кунида байтуллоҳни зиёрат қилдим. Қувончим чексиз эди.
Бир куни тобим қочиб қолди. Мени текширган шифокорлар даволанмасам бўлмаслигини айтишди. Касалхонага ётдим. Ҳамхонам рус киши экан. Тезда танишиб олдик. У билан узундан-узоқ суҳбат қурадиган бўлдик. Кунларнинг бирида у менга ёзғириб қолди:
— Менга қара оғайни, бир кунда сени кўргани камида 10 та одам келади. Менинг ёлғиз қизим атиги икки марта келди холос. Дўстларим, танишларим эса умуман хабар олмади. Нега бунақа?
Унинг саволига батафсил жавоб бердим. Беморларнинг ҳолидан хабар олиш катта савоблиги, ислом динида яқинларининг, қариндошларининг ҳолидан хабар олиш алоҳида таъкидланганини айтдим. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларидан мисоллар келтирдим. Умуман, ислом, иймон тушунчалари ҳақида гапирдим. У гапларимни диққат билан тинглади.
— Менга қара ошна, намоз ўқишни ўргатсангчи.
— Бажонидил ўргатаман.
У билан яна анча вақт суҳбатлашдик. Узр сўраб ҳуфтон намозини ўқиб олдим. Шеригим тескари қараб ётиб олибди. Гапирсам жавоб қайтармайди.
— Эй ошна, нега тескари қараб ётибсан?
— Сен намоз ўқишни ўргатаман дедингу, лекин бир ўзинг намоз ўқидинг! Сендан хафа бўлдим!
— Хафа бўлса. Эрталаб бомдодни бирга ўқиймиз.
Унга намоз ўқиш тартибини батафсил тушунтирдим. Эрталаб яна такрорладим. Таҳорат олиб, намозни ўқий бошладик. Икки раъкат суннатни ўқигач, фарз намози бошланди. Иккинчи раъкат сўнгида қаъдада ўтириб, саловат айтиб бўлгач икки ёнимга салом бердим. Шеригим жим эди. Ажабландим. Боиси, суннат намози пайтида салом берган эди. Унутдимикан деган ўйда елкасига енгил туртсам, йиқилиб тушди. Жони узилган экан...


Комментариев нет:

Отправить комментарий