2014 йилда
Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси,
унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро
конференция бўлиб ўтганди. Ўшанда “Ўзбекистон овози” газетаси номидан Обиддин
Маҳмудов ва мен конференцияни ёритиш учун қадимий шаҳарга йўл олдик.
Анжуманнинг очилиш
маросимида мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов япониялик олим
Кюдзо Като ҳақида жуда илиқ гапларни айтганди: “Конференциямизнинг энг нуфузли қатнашчиларидан бири, илмий фаолияти Марказий Осиё тарихи, этнографияси, археологияси ва санъатининг биз учун номаълум бўлган саҳифаларини очишга ёрдам берган япон профессори жаноб Като минтақамизнинг йирик тадқиқотчиси ҳисобланади. Унинг Буюк Ипак йўлини, Бақтрия давлатини ўрганишга бағишланган
ишлари, шунингдек, 1989 йилдан буён Сурхондарё вилоятининг кўҳна Далварзинтепа
ва Қоратепа шаҳарлари ўрнида олиб бораётган археологик тадқиқотлари, Амир
Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур ва Марказий Осиёнинг бошқа улуғ
мутафаккирлари асарларини япон тилига қилган таржималари бизнинг улкан
минтақамиз тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларни жаҳон мулкига айлантириш
имконини берди.
Шахсан мен бу
инсоннинг айнан бизнинг халқимиз олдида қилган эзгу ва олижаноб ишларини
мамнуният билан эътироф этиб, айтмоқчиман: бу заҳматкаш олим Ўзбекистоннинг
“Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Бу юксак нишон ушбу атоқли олимнинг
ҳаётий қарашларини, эътиқодини, бутун фаолиятини яққол ифода этади, десам,
ўйлайманки, янглишмаган бўламан. Чунки бундай инсонлар халқлар ва давлатлар
ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди, бундай ришталарсиз инсон, халқ,
жамият яшолмайди. Одамзот табиати шундайки, у уруш-жанжалларга эмас, балки
дўстликка, бошқа халқлар билан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлишга интилиб яшайди.
Шунинг учун ҳам мен бу ажойиб инсонга миннатдорлик билдирмоқчиман”.
Бу нутқни биз
меҳмонхонада, телевизор орқали тингладик. Като ҳақидаги гапларни эшитиб, ундан
албатта интервью оламан деган фикр пайдо бўлди. Лекин то конференция
якунлангунга қадар жаноб Като билан суҳбатлашишнинг сира имкони бўлмади. У
конференция якунлангач интервью беришини айтди. Тўғриси, бу гапга унчалик
ишонмагандим. Анжуман тугаши билан кетворса керак деган ўй бор эди.
Конференция ўз
ишини якунлаб, меҳмонлар бирин-кетин Самарқанддан кета бошлади. Мен ҳам ҳар
кунга классик усулдан воз кечиб, ўзимга қулай кўринишда кийиниб олдим. Икки кун
давомида матбуот марказида бирга ишлаган ҳамкасблар билан хайрлашай деб, “Президент”
меҳмонхонасига бордим. Като билан учрашувимиз ҳам шу жойда бўлиши керак эди. Ҳар
куни борганда эшикни мулойимлик билан очиб берган йигит ўқрайганча “сизлар
қаерга” деб сўради. Сумкамдан гувоҳномани топишим қийин бўлди. Гувоҳномамни кўрган
йигит яна мулойим тортди.
Меҳмонхона фойесига
киришим билан кўзим диванда ўтирган Кюдзо Катога тушди. Унинг олдига бориб,
таржимон ёрдамида интервью одим. Суҳбат давомида
жаноб Като бир гап айтганди. Ўша сўзлар газетада чоп этилмаган. Ҳозир ўша гапни
ёзишим шарт деб ҳисоблайман. Унга интервью давомида “ Ўзбекистон халқига хос
бўлган одатлар ичида сизга энг ёқадигани қайси?” деб сўраганимда ўзига ёқадиган
одатларни санаб, “битта ёқмайдигани ҳам бор, шуни ҳам айтай. Бир ишни
бошламоқчи бўлсак ўзбекистонлик дўстларим “бўлди, ҳаммасини ҳал қиламиз” деб
ваъдани жуда қуюқ беради. Иш кунига келганда эса уларнинг бирортасини топиб
бўлмайди” деганди.
ЎЗБЕКИСТОННИ ВАТАНИМ ДЕБ БИЛАМАН
Жаноб Като
билан «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг
замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида бўлиб ўтган
халқаро конференцияда танишдик. У кишига интервью олиш мақсадим борлигини
билдирдим. Келишилган вақтда учрашдик. У дўкондан беқасам камзул олмоқчи экан.
Кийиб кўриб, биздан «ярашдими» деб сўради. Ҳаммамиз ярашганини айтдик. Кюдзо
Като келишилган пулни бергач, сотувчи бир қисмини қайтариб, «меҳмонлар учун
чегирмамиз бор» деди. Като хурсанд бўлди. Дўкондан чиқар эканмиз «ўзбекларнинг
тантилигига қойил қоламан» дея таъкидлади.
— Ҳар гал
Япониядан юртингизга келарканман, самолёт қўниши билан мен учун қадрли бўлган
Ўзбекистонга соғ-саломат етиб келганимдан хурсанд бўламан, — дейди у. —
Ўзбекистонда бўлиш, бу ерда ишлаш — мен учун катта бахт.
— Ўзбекистон тарихи билан сизни нима
боғлайди?
— Тарихда Кушон
давлати алоҳида ўринга эга. Чунки Кушон давлатида буддизм динининг асл ҳолати
мавжуд бўлган. Ўзбекистонда эса бу даврга оид кўплаб тарихий обидалар топилган.
Хусусан,
ўзбекистонлик олим Баҳодир Турғунов 1989 йил Далварзинтепадан топилган 3
буддавий ҳайкалчаларни Япониянинг Нара шаҳрига олиб борганди. Бундан
таъсирланиб Далварзинтепадаги будда ибодатхонасида ишлаш учун Санъатшунослик
илмий тадқиқот институти экспедицияси билан шартнома туздим.
Ўзбекистонда
кўрганларим, бажарилган ишлар, халқнинг турмуши ҳақидаги рус, инглиз ва япон
тилларида чоп этилган «Жанубий Ўзбекистон тарихи» ҳамда «Далварзинтепа
шаҳристони» китобларимни Президент Ислом Каримовга тақдим этганман.
Япониялик
бўлсам ҳам Ўзбекистонни Ватаним деб биламан. Шунинг учун ҳам мени Термиз
шаҳрининг фахрий фуқаролигига қабул қилишди.
Юртингиз
тупроғида сир-синоат кўп. Бу юртда инсон камол топиши учун ҳам табиий, ҳам
тарихий, ҳам замонавий шарт-шароит, имконият мавжуд. Дастлаб Ўзбекистонга сайёҳ
сифатида келган эдим. Энди эса ўзимни ўзбекистонлик деб ҳис қиламан.
Ўзбекистоннинг
бой тарихи бор. Бу ерда ишлаш ҳар қандай археологга завқ бағишлайди. Шунинг
учун ҳам бу қадимий юртдан кетгим келмайди. Ўз севимли ишим билан машғулман.
Ҳозир Сурхондарёдаги ишларимизни давом эттиряпмиз. Ўйлайманки, топилмаларимиз
билан бутун дунёни ҳайратга соламиз.
— Самарқандда ўтказилган конференция ҳақидаги
фикрингиз?
— Бу фавқулодда
муҳим анжуман бўлди. Маълумки, Шарқ олимлари ўрта асрларда дунё тамаддунига
улкан ҳисса қўшган. Бу билан ўзбекистонликлар ҳақли равишда фахрланишлари
керак.
Конференцияда
жаҳоннинг ривожланган давлатларидан келган олимлар қатнашди. Халқаро
анжуманнинг очилиш маросимида Ислом Каримовнинг нутқ сўзлаши барчага ўзгача
руҳият бахш этди. У киши ўз маърузасида камтарин меҳнатимни эътироф этгани
менга чексиз мамнуният ва ғурур бағишлади.
Бу фақат менинг
ютуғим эмас. Сурхондарёда мен билан елкама-елка туриб, бирга ишлаётган
ҳамкасбларимнинг ҳам ютуғидир. Улар ҳақиқий фидойи одамлар. Ўз оиласидан
узоқда, турли қийинчиликларга қарамай севимли касби билан шуғулланмоқда.
Конференция
айнан Самарқандда ўтказилгани бежиз эмас. Самарқанддаги қадимий бинолар ҳар
қандай одамга ўша давр маданияти билан танишиш имконини беради. Мен бу шаҳарни
томоша қилганимда ўзимни худди ўрта асрларда юргандек сезаман.
— Ўзбекистон халқига хос бўлган одатлар ичида сизга
энг ёқадигани қайси?
— Кўпчилик
айтган, лекин мен ҳам айтаман, сизларда ҳеч қайси халқда учрамайдиган
меҳмондўстлик бор. Одамларнинг самимий муносабати, ҳар қандай ҳолатда ҳам
меҳмонни табассум билан, илиқ қарши олиши таҳсинга сазовор.
Президентингиз
Ислом Каримов жуда меҳрибон инсон. У киши ҳар қандай одамнинг кўнглига йўл топа
олади. Бу давлат раҳбари учун жуда муҳим жиҳат ҳисобланади. Илиқ муомала, ўзига
яқин олиши, ҳар доим ишларим, соғлиғим ҳақида сўраганида энг қадрдон одамим
билан гаплашгандек бўламан.
Ўзбекистон
раҳбари менинг меҳнатларимга юксак баҳо бериб, «Дўстлик» ордени билан
мукофотлаган. Ўзбеклар — дўстликни, дўстларни қадрлайдиган халқ. Бу ерда менга
худди қариндошдек бўлиб қолган одамлар бор. Ҳаётимнинг катта қисми Ўзбекистонда
ўтганидан жуда хурсандман.
Япон ва ўзбек
халқларида ўхшаш жиҳатлар бор. Масалан, одам ажратмаслик. Иккала халқ ҳам
танишган одамига, аввало, инсон сифатида муомала қилади. Унинг ким бўлиб ишлаши
— иккинчи масала. Кейин катталарга бўлган ҳурмат ўзбек ва япон халқларида доим
биринчи ўринда турган.
— Ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.
— 1922 йилда
туғилганман. Талабалик вақтимда Иккинчи жаҳон урушида сапёр сифатида
қатнашганман. 1945 йилнинг августида Манжурияда Квантун армияси мағлубиятга
учради. Мен асирга тушдим. 1950 йилгача Сибир ўрмонларида дарахт кесдим. Шу
жараёнда рус тилини ўргандим. Вақти келиб озод бўлдим ва юртимга қайтиб,
Токиодаги Жочи университетининг герман филологияси факультетида ўқидим.
Асирликдаги ҳаётим ҳақида «Сибир япон қалбида» номли китобим нашр қилинди. 1983
йилда Осака университетининг доктори даражасини олдим.
— Ўзбекистон халқига тилакларингиз?
— Халқингизда
ўзаро меҳр-оқибат, бирдамлик тушунчалари сақланиб қолишини истайман. Ўзбекларда
оилани муқаддас билиш ҳисси японлардан устун. Тарихдан маълумки, ўзининг асрий
қадриятлари, анъаналарини сақлаб қолган халқ буюк ишларга қодир бўлади.
Мен ўзбек
халқини, Ўзбекистонни севаман.
Комментариев нет:
Отправить комментарий