понедельник, 13 июля 2015 г.

Самарқанд сафари


10 июль куни “Шарқ тароналари” фестивалига тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани Самарқандда бўлиб ўтди. Самарқандга бориш учун транспорт танлови катта эканлиги барчага маълум. Муҳими, ҳаммаси ҳамёнбоп.


Ўйлаб қарасам, самолётда учмаганимга 22 йил бўлибди. 4 ёшлик пайтимда Тошкентдан Қўқонга учгандик. Таассуротлари ҳамон эсимда. Хуллас Тошкент – Самарқанд йўналиши бўйича авичипта харид қилинди.

Самарқанд аэропортида фавқулодда ва мухтор пиёдам Бахтиёр Аҳмад мени кутиб олиши керак эди. Бироқ ухлаб қолгани боис бу иш амалга ошмади. Твиттер фойдаланувчилари Бахтиёрни “Бахтиёр Аҳмоқ” дейишимни яхши биладилар. Бекорга эмас-да.

Матбуот анжумани ўтказиладиган Мирзо Улуғбек мадрасасига етиб бордик. Милиционерлар киритишни истамади. Мутасадди ходимларга телефон қилишимиз, улар чиқиб бизни олиб кириб кетиши керак экан. Ўша пайтда “Қашқирлар макони”даги Чақирнинг бир гапи эсга тушди: “нақадар гўзал бу Истанбул”. Яхшиямки Ҳусниддин Ато келиб барча масала ҳал бўлади. Содиқ пиёдам Бахтиёр ҳам биз билан ичкарига кирди.

Анча йиллик қадрдон Фарҳод Норбўтаев билан ўша ерда кўришдик. Режаларим ҳақида сўради. Матбуот анжумани якунланганидан сўнг Каттақўрғонга боришим кераклигини айтдим. Бир қариндошимиз вафот этганди. Фарҳод ака “бирга борамиз” деди. Тўғриси, бошида унча ишонқирамадим. Каттақўрғон узоқ жойда, чунки.

Матбуот анжумани бошланиши арафасида Фарҳод Норбўтаев самарқандлик твиттер фойдаланувчиси Фарҳод Тоҳиров бизни Каттақўрғонга олиб боришини айтди. У киши билан бирор марта кўришмагандик. Твиттерда ҳам кам гаплашганмиз. Шу ерда ўзбекона меҳмондўстлик яна бир марта бор бўйича намоён бўлди. Тасаввур қилинг, фақат твиттер орқали гаплашгансиз, шунда ҳам фақат футбол ҳақида. Қадрдонлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шундай танишингизни 110 километрлик жойга олиб бориб келармидингиз?

Фарҳод Тоҳировга тан бердим рости. Одамгарчилик борасида у кишидан ўрганадиганларимиз кўп экан. Кечқурун ифторлик ҳам ташкиллаштирилди. Шуҳрат Шокиржонов, Навиқ ҳам бизга қўшилди. Узоқ ва мазмунли суҳбат бўлди ўзиям.

Самарқанддан қайтар эканман, менга шунча дўст берган Аллоҳга шукр қилдим. Ҳаммаси учун раҳмат дўстларим. 


Комментариев нет:

Отправить комментарий