вторник, 29 декабря 2015 г.

Антипатия

Футболга 1997 йилда қизиқа бошлаганман. Ўша йили илк марта стадионга боргандим. Ўзбекистон — БАА (2:3) ўйинидан кейин футбол ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди. Футболчи бўлиш истаги туғилди. Ҳужжатларимни олимпия захиралари коллежига топширдим ҳам. Лекин ўз тенгдошларимдан икки синф юқори ўқирдим. Коллеждагилар икки синф орқага қайтишим кераклигини айтишди. Бу менга маъқул келмади. Футболчи бўлиш орзуимдан воз кечдим.



1998 йилда Францияда ўтказилган жаҳон чемпионати ўйинларини чалароқ кўрганман. Учрашувлар жуда кеч бошланарди. Кун бўйи ўйнаб, чарчаганим учун футбол бошлангач ухлаб қолардим.
Мен учун росмана турнир ЕВРО-2000 бўлган. Деярли ҳамма ўйинни кўрганман. Италия учун қаттиқ жон куйдирганман. Охирида нима бўлганини эслагим келмаяпти. Жуда алам қилганди. Ҳалигача алам қилади.
Бу кунларни нега эслаяпман? Шунинг учунки, ўша пайтда мен ҳеч бир жамоани ёмон кўрмаганман. “Реал”дан кейинги севимли жамоам “Барселона” эканлигига балки ишонмаслигингиз мумкин, лекин бу ҳақиқат. Фақат “эль-класико” пайтидагина “Барселона”га қарши турардим. Бошқа пайтда иккала клуб учун тенг жон куйдирардим.
Италия клублари орасида “Интер” мухлисиман. Умуман олганда “Реал”дан кейинги севимли жамоам “Интер”. Ўша пайтларда “Милан” ва “Ювентус”на нисбатан ҳеч қандай адоват ҳисси бўлмаган. Халқаро мусобақаларда бу икки клуб учун чин дилдан ишқибозлик қилардим. Ҳатто менда “Милан”нинг футболкаси бор эди. Орқасига 7 рақамини краска ёрдамида ёзиб олгандим. Гап Шевченко ҳақида эканини тушундингиз.
15-16 ёшга тўлганимда ашаддий барсачилар билан кўп суҳбатлашадиган бўлдим. Улар тинмай “Реал”ни ёмонларди. Мен ҳам уларнинг жиғига тегиш учун “Барселона”ни ёмонлай бошладим. Турли айбловлар қўйиб ташладим. Ва... Ҳамон шу ишда давом этяпман.
Ҳозирги кунда “Милан” ва “Ювентус”га қарши ҳам яхшигина антипатия бор. Ҳатто севимли футболчиларим қаторида бўлган Бекҳэм “Милан”га келганида ҳам жамоага ишқибозлик қилмаганман. Шунчаки персонал ҳолат Дэвид учун жон куйдирардим.
Италиялик футболчилар орасида мен учун энг севимлиси Филиппо Инзаги бўлган. Бир қарашда унда кумир бўлиш учун ҳеч қандай хислат йўқдек кўринади. Аслида ҳам шундай шекилли. На дриблинг, на техника... Тушунарсиз футболчи эди. Лекин уни қаттиқ ҳурмат қилардим. Симульянтлиги ёқмасдию, бироқ голни ҳис қилиши кучли эди. Айнан Пиппонинг таъсирида “Ювентус” ўйинларини кўра бошладим. Зидан, Дель Пьерога нисбатан ҳурмат ҳам ўша пайтларда пайдо бўлди.
Хуллас, “Юве”ни ҳам, “Милан”ни ҳам ёмон кўриб қолдим. Зўр келганини билиб турсам ҳам очиқчасига рад этадиган, асоссиз гаплар билан бўлса-да уларни ерга урадиган бўлдим. Ўзим учун севимли футболчиларга персонал равишда жон куйдирардиму, жамоаси ғалаба қозонишини истамасдим. Тўғриси, жуда ғалати бўлар экан. Бу ҳолатни фақат бошдан ўтказганлариган билади.
Немис футболи ҳақида 50/50 қарашлар мавжуд менда. Ўта яхши кўрмайман, ўта ёмон ҳам кўрмайман. Бир қараса зўрдек кўринади. Бироқ ҳиссиёт етишмаслиги ўзидан итаради. Ҳамма футболчи роботга ўхшайдимией...
Немис клублари орасида “Бавария”га бефарқ эмасдим. Бир пайтлар менинг севимли жамоаларимни ютганида ҳам мюнхенликларга нисбатан адоват ҳисси пайдо бўлмаганди. Заррача.
2012 йилда бир танишим Германияга борди. Февраль ойида ижтимоий тармоқда суҳбатлашганимизда ундан мен учун “Бавария” формасини олиб келишини илтимос қилдим. У формани суриштирди ва “Бу ерда эпикировка 150 евро экан. Ортиқча пулим йўқ. Мабодо бўлиб қолса олиб бораман” деди. 150 евро катта пул. Лекин оригинал форма учун шу пулни топа олишимга ишондим. “Пулингиз бўлиб қолса олиб келинг, олдин пулини бериб, кейин формани оламан” дедим. У форма олиб келолмади барибир.
Шу йили Чемпионлар лигаси ярим финалида “Реал” ва “Бавария” ўзаро ўйнади. Икки ўйин натижасига кўра немислар финалга чиқди. Ўша кундан бери “Бавария”ни қанчалик ёмон кўришимни тасвилаб беролмайман. Бир нарса аниқ — мен сўраган форма етиб келганида у аниқ ахлат қутисига улоқтириларди...
Англия қолиб кетмасин. Қолиб кетса ҳам бўлмайди. Англия футболи ҳақида гапирар эканман, бу ерда ҳеч қайси клубни қаттиқ ёмон кўрмаслигимни айтишим керак. Тўғри, “Манчестер Сити”ни ёқтирмайман. Лекин буни “Барса” ёки “Бавария” бўлган ёқтирмаслик ҳиссига тенглаштириб бўлмайди. Асло.
Агар Англияда бош жамоам “Манчестер Юнайтед” бўлса, мен шунчаки шу клубни яхши кўраман. Ютса хурсанд бўламан, ютқазса қайғураман. Лекин унинг рақибларига нисбатан нафрат ҳиссини туймайман. “Челси”, “Арсенал”, “Ливерпуль” ютқазса хурсанд бўлишим мумкин, лекин уларни ерга урмайман.
Ҳозир менда антипатия уйғонган кунга лаънат ўқийман. Айнан шу сабабли ҳам футболнинг бор гўзаллиги билан томоша қилиш ҳиссидан маҳрум бўлдим. Ҳаркалай шунақа деб ўйлаяпман. “Барселона”нинг ўйинини фақат “эль-класико”дагина тўлиқ кўришим мумкин. Ёки “Барса” ютқазаётган бўлса кўраман. Акс ҳолда тинчгина бошқа каналга ўтиб кетишни маъқул кўраман.
Тўғриси, Лионель Месси қанчалик буюк футболчи эканини тўлиқ ҳис қилолмайман. Унинг клубини ўйинини деярли кўрмаганимдан кейин қандай ҳис қилай?
Мен ўзимни “Барса” услубини ёмон кўришимга тўла ишонтирганман. “Тики-така”. Оддийгина қилиб айтганда “биртепар”. Бир жамоа тўпга эгалик қилади ва рақибга уни бермайди. Бутун ўйин шундай ўтади. Хўш, бунинг нимаси қизиқ? “Барса” ўйинларини кўрмаслигимни шу аргументлар билан изоҳлайман. Ва ўз-ўзимга савол бераман: аслида ҳам шундай ўйлайманми ёки бу каталонияликларга бўлган ёмон кўриш ҳиссининг маҳсулими? Ҳозирча жавоб йўқ.
Бугун бир ҳақиқатни тушундим. Футбол мухлиси биринчи навбатда ўз клубини яхши кўриши, у учун жон куйдириши керак. Унда бошқа клубларни ерга уриш, таъбир жоиз бўлса зўрнинг зўр эканини тан олмаслик одати шаклланмаслиги керак. Ўшандагина биз футболни бошқараётган бўламиз. Бунинг акси бўлган ҳолларда эса футбол бизни бошқаради.
Шунақа ҳолатларни кўрдикки, севимли жамоасини ҳимоя қилиш асносида ўз дўстини ҳақорат қилган, ҳатто мушт кўтарган одамлар ҳам бўлди. Биз футболни эмас, инсонийликни бошимизга кўтаришимиз керак.
Футболда антипатия бўлиши керак эмас. Мен ўз антипатиядан воз кечишим мумкинми? Ҳа, бироқ бугун ёки эртага эмас. Бу руҳ қанча муддатда шаклланган бўлса, унинг кетишига яна шунча вақт керак, фикримча.
Қарор қабул қилдим: вақтим бўлса “Барселона”нинг ўйинини кўраман. Месси, Неймар ва Суарес майдонда нималар қилаётгани ҳақида фақат интернет ва газета орқали ўқийвермай, ўз кўзим билан ҳам кўраман.
Салом футбол...


Комментариев нет:

Отправить комментарий