четверг, 12 марта 2015 г.

Пиёда, умринг бўлсин зиёда...


Деярли ҳар куни қоида бузгани натижасида фалон пул тўлаган ҳайдовчининг зорланиб гапирганини эшитиб қоламиз. Бу ҳақда махсус кўрсатувлар ҳам бор. Дарҳақиқат, ҳайдовчилар орасида йўл қоидаларини бузиш ҳолати тез-тез учраб туради. Аммо пиёдалар ҳақида жуда кам гапирамиз. Худди қоида бузишга уларнинг ҳаққи бордек. Панжарадан ошиб ўтган ёки рухсат берилмаган жойдан ўтган пиёданинг жарима тўлагани ҳақида шахсан мен эшитмаганман.


Илгари машиналар бунчалик кўп эмасди. Ўз-ўзидан пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган махсус йўлак(зебра)лар ҳам ҳозиргидек кўп эмасди. Ҳозир машина кўп, пиёдалар йўлаги ҳам.

Қоидага биноан, пиёда махсус йўлакка қадам қўйса машина тўхташи шарт. Мабодо ҳайдовчи тўхтаб, пиёдани ўтказиб юбормаса яқин атрофда ЙПХ ходими турган бўлса албатта унга чора кўради.

Бир пайтлар ҳатто светафорларда ҳам чап ёки ўнг томонга бурилаётган машиналар ҳам унча-бунчага тўхтаб йўл бермасди. Ҳозир зебрада ҳам деярли ҳамма тўхтайди, пиёдаларни ўтказиб юборади.

Гапларим қуруқ бўлмаслиги учун ўз ҳаётимдан баъзи мисолларни ҳикоя қилмоқчиман.

Нукус кўчасига бурилаётгандим. Пиёда қадам қўйди. Уни ўтказиб юбориш мен учун аввало инсонийлик талаби. Фуқаролик талаби иккинчи даражада. Лекин ҳар бир одамда инсоф бўлиши керак-ку. Хуллас, пиёда бир қиз эди. Ёши катта эмас. Максимал даражада секин юряпти. Мен бироз шошилаётгандим. Жаҳлим чиқа бошлади. У менга беписанд назар ташлади. Нигоҳида “сен тўхтаб мени ўтказиб юборишга мажбурсан” деган иддао бор эди.

Орадан ўн минут ўтгани йўқ. Яна тўхташга тўғри келди. Ёши 60 дан ошган онахон югуриб ўта бошлади. Ичимда секинроқ ўтса ҳам бўлади-ку деган ўй ўтди. Иккала пиёдани солиштирдим. У ёш, бу қари. У ўзининг ҳам, менинг ҳам вақтимни ўғирлаяпти. Буниси эса аксинча.

Яна Нукус кўчасига буриладиган жой. Икки тарафдан ҳам йигитлар зебрага қадам қўйди. Тўхтадим. Ишонсангиз, йўлнинг ўртасига келганда иккаласи қучоқлашиб кўришди. Ўша ерда бир-биридан ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Бу орада асосий йўлдагиларга яшил чироқ ёниб, улар ҳаракатга келди. Йигитларнинг ҳали-бери қимирлаш нияти йўқ. Сигнал чалдим.  Ҳартугул, юриб кетишди.

Асосий йўлга бурилмоқчи бўлиб светафорнинг яшил чироғини кутиб тургандим. Йўл очилди. Пиёдалар йўлагига бир қиз қадам босди. Қўлида телефон, қулоғида наушник. Телефонидан кўз узмайди. Бир пайт йўлнинг ўртасига келганда телефонга қараб тўхтаб қолди. Нимадир қизиқ нарса эътиборини тортгани аниқ. Сигнал чалдим. Қулоғидаги наушник сигнални эшитишига йўл қўймади. Ёнимда машина қаттиқроқ сигнал чалганди, анави қиз чўчиб тушди. Бизга норози қиёфада қараб қўйди.
Икки ойча олдин дўстим Бахтиёр Аҳмад билан Миробод бозорига бордик. Бозор иккаламизнинг ҳам уйимизга яқин. Қайтишда йўлни кесиб ўтаётгандик. Мен тез юриб кетдим. Бахтиёр “машина олганингдан бери тез ўтадиган бўлиб қолибсанми” деди. “Машинада ўтириб, менинг ўтиб кетишимни кутиб турган ҳайдовчиларнинг ҳолатини тушунганим учун ҳам тез юриб ўтдим” деб давоб бердим.

Энди бошқа тоифа ҳақида. Улар беш метр нарида пиёдалар ўтиш йўлаги бўлишига қарамай,  рухсат этилмаган жойдан йўлни кесиб ўтади. Ҳаётини хавф остида қолдиради. Бу ҳаракати натижасида қайсидир ҳайдовчи унин ҳаётига зомин бўлиб, бир умр виждон азобида ўтиши мумкин-ку.

Фейсбукдаги “Водители Ташкента” гуруҳида бир куни савол беришди: “рухсат этилмаган жойдан ўтаётган одамга йўл берасизми?” Мен мазкур саволга “йўқ” деб жавоб бердим. Йўл бермайман ҳам.

Яқинда танишим айтиб қолди, катта тезликда кетаётган машина йўлига одам чиқиб қолибди. Ҳайдовчи пиёдани уриб юбормаслик учун рулни чап томонга буради. Натижада ён полосада келаётган машина билан тўқнашиб, йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлади. Мазкур авария натижасида иккита одам ҳаётдан кўз юмган...

Ҳар биримиз кўчага чиқар эканмиз, уйимизга, оиламиз бағрига соғ-саломат етиб олишни хоҳлаймиз. Хотиржам, кўнгил хира бўлмай юриш тарафдоримиз. Шундай экан, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам асрайлик.

Мен бу постим билан ҳамма ҳайдовчилар оппоқ, пиёдалар тинмай қоида бузади демоқчи эмасман. Ҳатто пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган одамни уриб, умрига зомин бўлган ҳайдовчилар ҳақида кўп эшитяпмиз. Бу мавзуда кўп гапирилган. Пиёдалар масаласида эса кам чиқиш қилинди чамамда.

Ҳурматли ёши 30 гача бўлган, “ёшлар” туркумига кирувчи инсонлар! Агар касал бўлмасангиз, қўлингизда оғир юк бўлмаса, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда салгина тезроқ юринг. Балки сизни ўтказиб юбориш мақсадида тўхтаган ҳайдовчи жуда ҳам шошаётгандир.

Ҳурматли пиёдалар! Қонун ҳаммага бир! Машиналар рухсат берилмаган жойда юриши қонун бузилиши бўлса, сизнинг рухсат берилмаган жойдан ўтишингиз ҳам қонун бузилиши ҳисобланади. Қонунни бузманг, ҳаётингизни хавф остида қолдирманг.

Инсон аввало ўзини эҳтиёт қилиши керак. Шунда у атрофдагиларни ҳам асрашга ҳаракат қилади. Саломат бўлинг.

  

Комментариев нет:

Отправить комментарий