Мен сизларга ҳикоя қилмоқчи
бўлган воқеа университетда ўқиб юрганимда содир бўлганди. Ўшанда биринчи
курсмидим, ёки иккинчими, аниқ эсимда йўқ. Бу аслида унчалик муҳим ҳам эмас.
Тахминан 18-19 ёшлик пайтларим эди.
Эрталаб бошқача иштиёқ
билан туфлимни мойладим. Ўша пайтлар сумкамда доимий равишда туфли артадиган
буюм
(губка) олиб юрардим. Агар оёқ кийимим чанг
бўлиб қолса, дарров артиб қўярдим.
Одатдагидек метродан чиқиб
университетга қараб юра бошладим. Дарс бошланишига ҳали вақт бор. Демак, чекиб
олса бўлади. Кўчада ўтирадиган пистачи холадан сигарет олиб тутатган ҳам
эдимки, орқа тарафдан кимдир оёғимни босди. Ғазаб билан ўгирилдим:
― Кўўўўўўў...
“Кўрмисан” деб ўшқирмоқчи эдим.
Лекин “кўўўўўўў”дан уёғини айтолмадим. Чунки қаршимда кўзи ожиз инсон
турарди...
У жавдираб турарди, гарчи
иккитагина ҳарфни айтган бўлсам ҳам, нима демоқчилигимни тушунганди. Жисмоний
камчилигини айтилганидан янада бечора кўринарди у.
― Кечирасиз, оёғингизни босиб
олдим.
Ўкириб юборай дедим. Уни бағримга босгим, елкасига бошимни қўйиб
йиғлагим келди. Мендек оёқ кийимини инсондан баланд қўйган нусхани кечир оғайни
деб ёлвориб узр сўрашни қанчалик хоҳлаганимни билсангиз эди... Аммо дилимдагилар тилимга чиқмадим. Бўғзимга тиқилган
йиғи унга тузукроқ жавоб қайтаришимга ҳам
тўсқинлик қилди. Ўпкам тўлиб турганини сездирмалик учун паст овозда:
― Ҳечқиси йўқ, ― дея олдим холос.
Ўша кунги чанг артилмади. Оёқ изи каттагина
бўлиб тушганди. Дўстларим оёқ кийим артадиган буюмни узатиб, “чанг бўлибди,
артиб ол” дейишса ҳам уларнинг гапини рад этдим. Худди артсам ўша йигитга
нисбатан навбатдаги ноҳақликни қиладигандек туюлаверди.
Ўша кундан бошлаб ўзимга нисбатан
нафратим ошди. Нуқул “сен ўзи ким бўлибсанки, битта чанг бўлган оёқ кийиминг
учун кўзи ожиз инсонни дилини оғритасан” деяверардим. Анча кунгача ўзимга кела
олмадим. Кейин ўша йигитни топиш ва унга қандайдир яхшилик қилиш истаги пайдо
бўлди. Ҳар гал метродан чиққанимда атрофга қараб уни излардим. Афсуски қайтиб
йўлимиз кесишмади.
Лекин мен у йигитдан бир умр
миннатдорман. У ҳеч қандай буюм инсондан устун эмаслигини англашимга ёрдам
берди. Нимадир бўлса дарров қизишиб кетгандан кўра атрофга назар ташлашни
ўргатди. Ҳаётимнинг атиги 30 сониясида менга йўлдош бўлган ўша йигитга берган
сабоғи учун унга раҳмат.
Аллоҳ ундан рози бўлсин!
Комментариев нет:
Отправить комментарий