Ёзда “Қўқон ҳангомалари” номли пост ёзгандим. Яқинда
битикларимни кўздан кечираётиб, яна баъзи воқеалар эсга тушиб қолди. Сизга ҳам
улашгим келди. Ўқиб бўлгач, лабингизга табассум югурса, ишимни яхши бажарган
бўламан.
Олдиндан айтиб қўяй, бу сафарги ҳангомалар Тошкент
шеваси билан боғлиқ. Тан олишим керак, Қўқонга борсам ҳам Тошкент шевасида
гапираман. Хуллас, бошладик.
Ушатиш
Йигитлар билан чойхонада йиғилдик. Аския ўзининг юксак
чўққисига чиққан. Овқат келгач бироз тин олдик. Қарасам ёнимда нон йўқ. Ўртоғим
Ҳасанга:
— Ошна, нон ушатвор, — дедим.
Ҳасан бутун нонни олдида, қўлимга тутқазди. Ҳайрон
бўлдим.
— Нима қилганинг бу? Мен олиб бер демадим, ушат
дедим.
— Айтганингни қилдим ўртоқ, ушат дединг, мана,
қўлинга “ушатиб” қўйдим.
Машитми ёки мачитми?
2005 йил. Мен сартарошхонага чиқдим. Жияним Ойбек
компьютер ўйнашини айтиб, ўйинхонага кириб кетди. Сочимни олдириб чиқсам у ерда
йўқ экан. Ўйинхонага қарайдиган одам ҳам таниш эди, ундан сўрадим:
— Ойбек қани?
— Ҳозиргина чиқиб кетганди.
— У менга “машитта” (талаффузда шундай айтилади,
аслида “мана шу ерда”) бўламан деганди.
— Мачитда бўлмаса керагов. Чоллар ҳам аллақачон
ҳуфтонни ўқиб қайтиб кетишди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий