Журналистлик фаолиятимни бошлаган вақтимда
шоу-бизнесга ҳам аралашиб турардим. Газетадаги ишимдан ташқари юлд.уз сайтида
ҳам фаолият олиб борардим. Деярли ҳар куни хонанда ва актёрлар билан
суҳбатлашишга тўғри келарди. Қўшиқчилар билан гаплашганда “нима янгиликлар” деб
савол берсак “ижод қиляпмиз” дея жавоб беришарди. Ичимда “қўшиқ айтиш
қанақасига ижод бўлади” деган ўй бўлардию, ташқарига чиқармасдим.
Бугунги кунда "кўнгилочар газеталар" номини олган нашрларни ҳар замонда варақлаб турадиган одатим бор. Ҳар бир газетада албатта бирор хонанда билан интервью чоп этилган бўлади. Хонанда ҳам камтарин. "Ижод қиляпмиз", " мен ижодкорман" дейишдан тортинишмайди ҳам. У-ку майли, шунақа дегандир. Журналист ҳам "ижод" сўзининг луғавий маъносига қараб ўтирмай ёзаверади.
Хонанда ижодкорми?
Тасаввур қилинг, шеър тайёр, мусиқа ҳам. Хонанда
студияда ашуласини ёзди. Ва шу ишини ижод деяпти. Ёдлаб олган шеърини (99 фоизи
шеър дейишга арзимаслигини қўшимча қилиш зарур, албатта) оҳангга солиб куйласа
у ўзини ижодкор деб санашган қанчалик ҳақли? Кимдир “нималар билан бандсан” деб
савол берса “ижод қиляпман” дейишга ҳақлими? Менимча йўқ.
Агар “ижод” сўзининг луғавий маъносига қарайдиган
бўлсак, яратиш деган маънони билдиради. Ва бу сўз бадиий ва илмий асар ёзган
шахсларга нисбатан қўлланилади. Хонандалар эса...
Илтимос сизлардан, ижод сўзининг қадрини бу қадар
тушириб юборманглар. Одамларнинг саволига “янги қўшиқ ёзяпман” деб жавоб
бераверинг. Чунки ижодкор эмассиз. Хонандасиз. Агар шоир (мен асл шоирлар
ҳақида гапиряпман, шиғир ёзадиган жўқилар ҳақида эмас) шеър ёзса, уни ижод
дейиш мумкин. Сизларнинг ичингизда ўзи “шеър” ёзадиганлар ҳам бор. Шуни асос
қилган ҳолда ижодкорликка даъво қилишингиз мумкин. Лекин ёзган “ашъор”ингизни
ҳеч қанақасига шеър деб бўлмайдида...
Комментариев нет:
Отправить комментарий