четверг, 14 августа 2014 г.

Қўқон ҳангомалари

Июнь ойида меҳнат таътилига чиқдим. Бир муддат Тошкентда бўлгач ота юртим Қўқонга боргим келди. Обдон дам олиш ниятида йўлга чиқдим. Биласиз, водий халқи азалдан аскияга уста. Сафар давомида турли воқеалар бўлди. Уларни қоғозга туширишга қарор қилдим.





Кал калла
Ўртоқлар билан стадионга бориб қолдик. Қандайдир жамоалар иштирокидаги ўйин. Ўйин савияси +0. Шу сабабли ҳам асосий вақтимизни ҳазил қилиш, футболчиларга бақириш билан ўтказдик. Жамоалардан бирида ёши каттароқ, тепакал футболчи бор экан. Ўша ўйинчи тўпни олиб олдинга интилаётганди шерикларимиздан бири луқма ташлади:
— Ана шу амакининг кал калласига тепиш керак!
Ҳамма жим бўлиб қолди. Кулгумиз қистаётганди. Сукунатни Бурхон бузди:
— Унда ҳамма калларнинг калласига тепиш керак бўлади!
Футболчини масхара қилган оғайнимиз дадаси ҳам кал эканлигини эслаб қизариб кетди. Биз эса ўзимизни кулгудан тўхтатолмасдик.

Гагарин ва космонавт
Жаҳон чемпионати 2-тур ўйинлари бошланган пайт. Англия-Уругвай учрашувини Қаҳрамон Аслановнинг уйида кўрадиган бўлдик. У киши менга йўлни тушнтирдилар. Космонавт бекатининг ёнига келишимни айтдилар. Йўлга чиқдим. Тўғри кетаётган эдиму ҳар эҳтимолга қарши сўраб олай деб тўхтадим.
— Ассалому алайкум, Гагаринга тўғри кетяпманми?
— Ассалому алайкум, Гагаринга... Ҳозир...
Йигитча ўйланиб қолди. Кўринишидан қўқонлик “бала”га ўхшайди, каловланишини қаранг...
— Ака, Гагарин номли оромгоҳ бўларди, аммо у бошқа тарафда. Балки сизга Космонавт бекати керакдир?
— Э узр, ҳа Космонавт керак эди.
— Шунақа демайсизми. Шу йўлдан тўғри кетаверсангиз учинчи светафордан сапга буриласиз. Ўша ер Космонавт бекати.
— Раҳмат ака.
Машинамни ўт олдирдим. Роса кулгим келди. Ва бу хатоим учун ўқитувчимни айбладим. У киши биринчи космонавт Гагарин бўлган деб уқтираверганидан мен адашдим.

Сомон ташиган бола
2007 йилда Қўқонда 4 ойча яшадим. Бир кун дўстим Аббосхон “уйга сомон олиб келгандик. Кўчадан оғилхонага ташиш керак. Ёрдам бериб юбор” деди. Бекорчи эдим, рози бўлдим...
Шу йил июнь ойида яқин дўстим уйланди. Бир кун олдин йўлга чиқдим. Тўйхонага кириб борганимда қизларнинг “телевизорда чиққан бола-ку” деган гапи эшитилди. Ўз-ўзидан бу эътироф каминага маъқул келди.
Даврада суҳбат қизиди. Обид исмли ўртоғим:
— Сизни телевизорда кўриб уйдагиларга мақтандим, — деди.
Жилмая бошладим:
— Ҳа энди, бир кўрингандик-да.
Отабек:
— Дадам кўриб “шу ўртоғинг уйимизга келганди-а? Ҳозир кучайиб кетибди-да” деди.
Бу гап росмана тиржайишимга сабаб бўлди.
— Ҳа энди...
Юлдузли онлар бошланганида ҳаммасини Аббосхон расво қилди:
— Дадам сени кўриб “ие, сомон ташиган бола-ку” деди...







Комментариев нет:

Отправить комментарий