Минг тўққиз юз
саксонинчи йилнинг биринчи августи. ТошДУ (ҳозирги Миллий университет) нинг
журналистика факултетига ўқишга кириш учун имтиҳон топширар эдик. Соат ўн
бирлардан ўтган, иншомни қоралаб ҳам бўлмагандимки, пешонаси дўнг, кўзлари
катта-катта бир йигит ўрнидан шаҳд туриб, шитоб билан кузатувчилар ўтирган
столга яқинлашди ва ёзиб бўлган иншосини биринчи топшириб, ташқарига чиқиб
кетди. Кўпчилик қатори мен ҳам унга ҳавас ва ҳайрат билан қарадим. Дадил
ҳаракати, ўктам қиёфаси эсимда қолди.
Омадим чопмай,
қишлоққа қайтганимдан кейин ҳам Тошкент эсимга тушса, иншосини биринчи бўлиб
топширган тенгдошимнинг ҳолати ҳам хотирамда жонланар, «У ўқишга қаттиқ
тайёрланган экан, иқтидори ҳам шунга ярашадир. Ўзига ишончи шундоқ чеҳрасида
балқиб турарди. Албатта, ўқишга кирган бўлиши керак. Ё шошқалоқлик қилиб ёхуд
адолатсизликка учраб, у ҳам синовлардан ўтолмай қолдими? Йўқ! Бундай бўлиши
мумкин эмас», дея ўйланиб қолардим…
Бугун
талабаликнинг баракали, серзавқ ва орзуларга лиммо-лим дамлари Сирдарё
далаларида кечган кузлар — пахта мавсумисиз кемтикдай туюлади. Аммо ўшанда…
Минг тўққиз юз
саксон иккинчи йилнинг октябри. Таҳсил бир ойга етар-етмас бизни ҳам пахта
теримига ҳайдашди. Қишлоқ боласи эмасманми, ўқувчиликда зада қилган мавсум
талабаликнинг олтин онларига ҳам чанг солган ялмоғиздай кўриниб хунобим ошган.
Ниҳоят, теримнинг биринчи оғир кунини «қуёш орқалаб» кетгач, шом қоралаганида
судралгандай бўлиб «барак» деб аталувчи ётоғимизга етдик.
Кечкиликдан кейин
аксариятимиз, айниқса, биз биринчи курслар «Кунлик чарчоқдан кейин ҳали замон
тарракдек қотиб қолсак керак», деган хаёлда уйқуга ҳозирланардик. Баракда
биздан ташқари иккинчи ва бешинчи курс талабалари ҳам жойлашганини эшитган
эсак-да, университет ётоқхонасидан жой тегмай, шаҳарнинг ҳар турли ижара
уйларида базўр жойлашган мен сингарилар юқори босқичдагиларни деярли танимасди.
Бирдан тевараги бўз билан ўралган қибла томондаги жойнинг «девори» туширилиб —
худди театр саҳнасида парда четга сурилади-ку — дабдуруст бир йигит шеър ўқиб
кетди. Бу ҳолатни кўрмаганлар оғзи очилиб, анграйиб қолди. У шеър кетидан шеър
ўқир, ўқиган сари мардона овозида ҳеч кимникига ўхшамайдиган бир шиддат,
тўғридан тўғри қалбга кириб борадиган ёруғ нимадир теваракда лол айланарди. Мен
уни дарров танидим, у бултур синов хонасидан биринчи бўлиб чиқиб кетган ўша
дўнг пешонали, кўзлари катта-катта йигит эди. У шеър ўқиркан, яқинда экранларга
чиққан «Оловли йўллар» кўп қисмли бадиий филми бош қаҳрамонини ҳаётда
учратгандек бўлдим. «Ҳамзанинг худди ўзи-я». Мен бунақа жўшқин қалбли одамлар
ҳаётда учрамаса керак, кинода бўртирилган деб ўйлаган, мана энди бундай кишилар
ён-атрофда ҳам бўлишини биринчи кўриб туришим эди. Шунда бир ой давомида
университет сабоқлари беролмаган илҳом-ижод муҳитини ҳеч кимдан сўралмай
ўқилган шеър олиб келди. Ҳамма ўзича нимадир ёзсам-у, кейин мана шу шийпонда ўз
тенгдошларимга ўқиб берсам деб қолган, теримдаги ҳорғинлик ҳам аллақайга ғойиб
бўлганди. Ва шундан бошлаб талабаликдаги пахтага олиб чиқишлар сабоқлардан
қолиш эмас, балки ёшлигимизнинг ажиб кунларида тақдирнинг бизга ҳадя этган ижод
боғи, шеърият анжумани бўлди. Тўлқинланиб, орзиқиб шеър эшитгимиз, шеър
ўқигимиз келса, алоҳида тадорик ё таклиф керак эмас: гоҳ баракнинг ўзида «саҳна
очилиб», гоҳ шийпон ёнида гулханни ўт олдириб, ўз-ўзидан шеърхонлик бошланарди.
Бу шеърхонликларни эса кўпинча биринчи бўлиб «бизнинг Ҳамзамиз» — Аъзамжон
Xудойбердиев бошлаб берар ва бошқарар эди.
Ўйимга
тўр солманг — ҳурлар ичра ҳур,
Гулюз севгилимни
ўйлаётганда.
Кетинг, ҳалал берманг, ўзбек булбули
Шерали Жўраев
куйлаётганда.
Аммо Аъзам
Ўктамнинг қисмати ҳақиқийси яширилиб, тўқиб бичилган сохтаси ошириб-тоширилган
Ҳамза ҳаёти ва ижодига сира ҳам ўхшамади…
Шоир қалбни
ёруғликка тўлдириши керак. Шоир кўнгилнинг қўрғони — дилни осмонўпар этиши
жоиз. Xалқнинг, элнинг кўнглини кўтаришга келади шоирлар! Буни эплолмаган шоир
ҳам шоирми? Ҳеч қачон! Шоирнинг шеърини ўқиб, тинглаб, эл, инсон тушкунликдан
қутулсин, дили хасталар соғайсин. Тирилган кўнглида яхшиликка журъат, ёмонликка
жиллақурса нафрат уйғонсин, нафрат улғайсин. Ойдин армондан йиғлаб, қурум
босган, ғашлик ҳукмрон аллақаерлари тиниқлашсин.
Аъзам Ўктам биз
пахта далаларида, гулхан теварагида эшитиб куч олган, шеърлари Ўзбек отанинг
қалбидан отилган булоқдай беғубор ва танти эди. Бир жигардай, бир элдошдай уни
севиш, чўпон ва деҳқоннинг соддадай кўринган, аммо маъноси теран тўпори феъли
каби ундан завқланиб кетардик.
Фарғонадан
келаман
Келасанми
ёр-о, келасанми ёр.
Сенга
ошиқлигимни
Биласанми
ёр-о, биласанми ёр.
Бир бошга бир ўлимни
Бўйинга олдик-а,
бўйинга олдик.
Ким бевафо
бўлса, уни
Худога
солдик-а, Xудога солдик.
Шу саккиз
қаторнинг ўзида тўртта жуда катта мезонлар — унинг ҳаётий эътиқоди — ВАТАН, ЁР,
ЎЛИМ — ҳаммасини бирлаштирувчи: Яратганга борувчи самимий изҳор ярқираб
кўринади. Мўмин-мусулмон ўзбекнинг бундан залворли ҳикмати бўлиши мумкинми?!
Юрт мустамлака, эл қул ҳолида эса-да, бу ҳикмат Аъзам Ўктамнинг қон-қонига
сингиган, оила муҳити шу мезон асосида шаклланганидан хабар беради. Ҳар бир
сатридан алмисоқдаги иймон нури уфуради. Уни йигирма икки ёшли йигитчанинг
қулоғига бир ҳур шивирлаган бўлса ишонаверинг.
Аъзамнинг
армонли, булбул чаҳ-чаҳидай ғами кўтаринки, тонготарда мўйсафиднинг ҳикматидай
зиё улашадиган талай шеърлари борки, уларни ўқиган ўқувчи шоир яшаган
даврнигина эмас, Қиёмат қадар давом этар инсоният ҳаётининг маъсум, ёниқ,
масъул чоғларини хотирлайди.
Балки
умр ўтди бекор,
Олдда қандоқ
кунлар бор?
Болалигим
беғубор
Оламга
дуо денглар.
Ошиқни отдим
тикка,
Тушар
чекками-пукка?
Етказмоқчиман
кўкка,
Ноламга дуо
денглар.
Манманлик,
худбинлик билан нимага эришиб бўларди? Неки нек ният бўлса, Яратгандан астойдил
сўраб, жон-жаҳди билан интилиш эвазига рўёбга чиқади. Интилиш сабабчи, Ўзи
қабул қилиб, ижобат этади. Аммо ўша йилларда бунинг учун фитрий фаросатгина
ёрдамга келиши мумкин эди. Ана шундай туғма фаросат билан йўлга чиққан, тилга
тушган шоир Аъзам Ўктамнинг келажаги нима бўлди?
Ўтган асрнинг
саксонинчи йиллари охири, тўқсонинчи йиллар бошида ёзганларини эълон қила
бошлаган авлод баъзан нолиб қолишади: Иқтисодий қийинчиликлар, бозор иқтисоди
ижодимизга кучли зарба берди. Фақат ёзиш эмас, уни китоб қилиб чиқариш, бунинг
учун пул топиш ташвиши ҳам ўзимизнинг чекимизга тушди. Ёзайликми ёки уни
чиқариш учун пул топайликми? Балки… Лекин айни шу саксонинчи йилларнинг иккинчи
ярми ва тўқсонинчи йилларнинг бошида юртимиз, халқимиз ижтимоий-сиёсий,
маънавий ҳаётида шундай кескин ижобий ўзгаришлар юз бердики… асрлар давомида
халқимиз орзу қилган армон билан боболаримиз кута-кута ўтган миллий
қадриятларимизнинг тикланишига, эътиқод эркинлигига етдик. Майли, ёзганларимиз
китоб ҳолида чиқишини бироз кутсак-кутармиз, аммо асло нолишга ҳаққимиз йўқ.
На
Тошкент, на Қўқон билади мени,
Ахир ўз-ўзимни
алдаб нетаман?
деб очиғини ёзган
Аъзам Ўктамнинг ўша йилларда қоралаган энг сара шеърлари кескир, аччиқ
ҳақиқатларнинг хушбуй гулдастасидир. Кимдир «Шеърнинг энг гўзал чиққани — ширин
ёлғони», деган экан. Лекин ҳеч бир ташбеҳ, муболаға, чиройли ёлғон аччиқ
ҳақиқатнинг, теран ҳикматнинг ўрнини боса олмайди.
Шоир камолга
етганда, ижодкор сифатида улғайганда у фақат ҳақиқатни айтишга қасд қилгани, бу
борада борган сари ҳеч ҳам тап-тортмагани, довюраклик билан элнинг, юртнинг
руҳий ҳаётидан ровийлик қилганини ҳис қиласан.
Ўгайга
ўхшайман она Ватанда.
Тун. Бўрон.
Таҳлика…
Яшашдан
бездим.
Бор овозда
куйлаш тақиқланганда
Овозим
очилиб кетганин сездим.
«Балоғат»
Ҳали-ҳамон
миллий-диний қадриятларимизга нописанд, юриш-туриш, кийинишимизда шу нарсани
кўрса «қишлоқи» деб куладиган ҳамроҳларимиз бор. Бу миллатни севган кишига жуда
ҳам алам қилади. Масалан, дўппи ва тўн яқин-яқин йилларгача ўлим хабари, азадорлик
белгиси бўлиб қолаёзган эди. Айримлар ҳали-ҳамон шу ғафлатда.
Кимдир
ўлар, нимадир бўлар,
Ўзбек қайтса асл ҳолига.
Шоир аччиқ киноя
қилар экан, кинояси пичинг доирасини ёриб чиқади. Агар миллатимиз асл ҳолига
қайтса, ёвлари маҳв этилади, яхшилик юз очади, деганни маъно таг остига бериб,
жасур орзу қилади. Руҳи синдирилган элни асл ҳолига қайтариш учун мозийдан
далиллар изланади. Шоир уни истаганидан топади:
Қул
бўлган эмасмиз, ҳеч биродарлар,
Гарчи кўп
босқинлар, таловлар ўтди.
Ўқталган мушт каби турар минорлар,
Мақбара қуббаси дубулға худди.
У ҳақиқатни
санъаткорона айтишда мустамлака зулми бошидан кечган, озодликка умрини тиккан
Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Асқар Қосимларнинг толиби
бўлгани жуда сезилади. Аммо толиблигича қолиб кетмасдан миллий қарашларимиз
хазинасини бойитди. Бу йўлдаги унинг энг муваффақиятли изланишлари, кескин,
янгроқ, топилма, кашфиёт сатрларининг умри узоқ: миллат, юрт ҳақидаги қўрқмас
гирялар каби қайғумизни эслаш, руҳиятимизни кўтариш учун уларга мурожаат
қилаверамиз.
Аъзам Ўктамнинг
йигирмага ҳам кирмаган шоирлиги, қирқ бирнинг устида хазон бўлган гул умрига
мураккаб ва ўзгараётган даврнинг тўлақонли ва зерикарсиз бир талай манзаралари
кўчганки, йиллар ўтган сари уларнинг қадри ошади. Унинг шундай кўламдор ва
ёрқин шеърларидан бири «Якшанба» рус шоири Сергей Есениннинг 20-йилларда
инқилоб боис она Ватани бошига солинган кулфатлар — янги давр изтироблари
ҳақидаги шеърлари, достонларини эслатади. Аммо Есенинда янги фитна ва ёлғон
замонига мослаша олмаслик қайғуси устиворлик қилса, Аъзам Ўктамнинг
«Якшанба»сида миллатимиз бошига солинган сўнгги қатағон — ўтган аср саксонинчи
йиллари ўртасида «Ўзбек иши» дея жар солинган мусибат, адолатсизлик ва
хўрлашлар, озодлик эҳтиёжи бор овозда куйланганки, мен шеъриятимизда ушбу
қатағон бир нафасда, достондай қамров билан фош этилган бошқа шеърни билмайман.
Ўзлигини унутаёзган, ажнабийпараст бўлиб бораётган анча-мунча ёшларимиз бу асар
билан танишишса кўп фойдали бўлади. «Якшанба» мактаб дарслигига киритишга
арзийди.
Шоирни
бир-бирининг узвий ва мантиқий давоми бўлган «Бир кун» ва «Бир тун» шеърларида
ҳам шахс-шоир тўлақонли намоён бўлади. Қолаверса, у лойқалар тиниб, қарашлар
шаклланган замоннинг шахс-шоири эмас, айни эски замон билан янгиси аёвсиз
курашга кирган, ким ҳақу нима тўғрилиги борасида адоқсиз баҳслар кечаётган бир
даврдаги шахс-шоирнинг муножотидир. Ҳайратланарлиси, у янги бир даврга кирган
ўзбек зиёлиларининг ички олами, жавобгарлиги-ю ҳақдорлигини ўз-ўзини фош этиш
билан аёвсиз тафтиш этадики, шеър чақмоғининг ёруғида даҳрий бир тузумдан
чиққан эзғин ва умидвор, йўлсиз ва ҳайрон авлоднинг руҳияти порлаб жилоланади.
Уч йил ўтиб 1993 йили ёзилган «Бир тун»да наинки ижодкорнинг, оддий
инсоннинг-да ҳақиқий ҳаёти — иймонга келиш, ҳидоятни топиш саодати, охир оқибат
Яратганга юзланиш ҳодисаси борки, етмиш йил нари берисидаги шоирларимиз сўзида
бу маърифат шуъласи ғойиб бўлган эди…
Кўп
нодон эканман: ахир сен бор-ку,
Бўлмасми ўзингга
ҳасратим айтсам.
Ғамхўрим бир ўзинг — Парвардигор-ку,
Ҳар не бўлай
эмди, Ҳақ йўлдан қайтсам.
«Бир тун» 1993
Аъзам Ўктам мардона, шиддат билан яшаётганини
билардик, аммо шитоб билан ўтиб кетганини билмай қолибмиз. 2002 йили феврали бошида эрталаб бекатда
автобус кутиб турсам, жўрамиз Юсуф Абдуллоҳ етиб келиб, мусибатдан эзилиб
дедики… Мана тўрт ярим йил ўтибди ҳамки, бу шум хабардан карахтман. Наҳотки
«Қирқинчи баҳор»ини кечагина тақдим этган (китобининг номи) Аъзам шоир қирқ
иккинчи баҳорга етолмаган бўлса? Начора. Шукрки, мен бошқа нарсани айтмоқчиман.
Бул тонг Аъзам Ўткам шеърларини қўлимга олиб, мириқиб ўқир эканман, у билан
учрашдим, суҳбатлашдим. Шоирни шундан қўймасин!
2006
Комментариев нет:
Отправить комментарий