понедельник, 6 января 2014 г.

МАНА ЁЗДИМ, ТАНЛОВ УЧУН! ҲАЙ ЁРАЙ!

Ижодкорнинг нимадир ёзиши, кўпинча унинг кайфияти билан боғлиқ. Ўқиётган материалингизда ҳеч қандай руҳ сезилмаса билингки, ўша пайтда муаллифнинг кайфияти яхши бўлмаган.

Менда руҳий ҳолат жойида бўлмаса, қўлим “клавиатурага” бормайди (қалам сўзи модадан қолди). Блоггерлар чемпионатига махсус пост ёзишни ният қилгандим. Учта материал ёздим ва учаласиям Shift+Delete тугмасининг “нафратига” учради.




Шу орада 2010 йилда ёзган мақоламнинг “шапка”сини топиб олдим. Айримлар баҳолаганидек, “маддоҳона” усулда ёзилган. Кўнглим тўлмади, лекин ҳеч нарса ёзолмадим. Наилож, ўшани жойладим. Лекин кўнглимдаги ғашлик тураверди. Ўчиргим келди. Айнан ўчирганим ҳам мана шу постнинг ёзилишига сабаб бўлди.

Энди нима ёзмоқчилигим ҳақида айтайми? Айтмайман, ўзингиз ўқинг :-)

***
У ДУНЁДАН “СУҲБАТ”
Газетага энди ишга кирган мухбир бўлим мудиридан қандай мақола ёзиши мумкинлиги ҳақида сўради. Бўлим мудири эса “драматурглардан интервью олинг” деди. Ходим эса адабиётга ихтисослашган газета таҳририятига бориб, драматургларнинг исм-фамилиясини ёзиб олиш нияти борлигиниайтди. Улар ўнтача атоқли драматургларни айтишди. Мухбир хурсанд ҳолда ишга қайтди:
— Ака, мен рўйхат туздим ва улар орасидан Машраб Бобоевни танладим. У кишидан интервью олсам қандай бўларкан, нима дейсиз?
— Зўр бўлади, ўзбек журналистикасида тўнтариш қиласиз, фавқулодда янгилик бўлиши шубҳасиз!
— Йўғей, хурсанд қилдинг, раҳмат ака! Ўзим ҳам жуда яхши бўлса керак деб ўйлагандим. Фақат тушунмаганим, нега тўнтариш бўлади, илгари у кишидан ҳеч ким интервью олмаганми?
— У кишидан кўп марта интервью олишган. Фақат Машраб Бобоев вафот эганига уч ой бўлди. Нариги дунёдаги одамдан интервью олсангиз, ҳақиқий тўнтариш қиласиз!

***
ХОТИИН БОРМИИ?
Собиқ Иттифоқ даврида военкоматларда рус миллатига мансуб одамлар бошлиқ бўлиб ишлаган. Қишлоқ жойларда рус тилини билиш даражаси қандай эканлиги ҳаммага маълум. Хуллас, 18 ёшли бўз йигит военкоматга келади. “Ўриччани” сал-пал биладиган ошнасидан сўради:
— Ҳозир кириб нима дейман?
— Саволларига “да” ёки “нет” деб жавоб бераверасан.
Йигит иккилана-иккалана бошлиқ хонасига кирди. Савол-жавоб бошланди.
— Закончил учебу?
— Да.
— Хорошо.
Йигит хурсанд бўлди. Биринчи саволга тўғри жавоб бера олганидан мамнун эди.
— Женат.
— Да.
Бошлиқ унга яхшилаб қаради. Ёш бола. Иккиланди.
— Хотиин бормии?
— Нет, нет, нет, худо сақласиней!

***
ШЎРВА “ОПЕРАЦИЯ”СИ
Жуда яқин, соддадил акамиз бор. Кўпинча уюштирган кўплаб “операция”ларимизга соддалиги туфайли илиниб қолган. Улардан бирини ҳикоя қилмоқчиман.
Овқатланиш мақсадида ошхонага кирдик. Ҳаммамиз биринчисига шўрва, иккинчисига бошқа овқат оламиз деб режа қилдик. Содда акамиз эса “мен шўрва ичиб ўтирмайман, бирданига ош ейман” дея ўз қарорини эълон қилди. Биз шўрвани олиб келганимизда у киши навбатда турарди. Шу пайтда “операция” пишитилди.
— Ҳозир ака келиши билан шўрвани ҳаммамиз мақтаймиз.
Ака келди. Биз ҳам бошладик.
— Шўрва даҳшат экана?
— Эй, нимасини айтасиз? Умрим бино бўлиб бунақа шўрва ичмагандим.
— Гўштларини айтмайсизми, тоғда юрган қўйники экани шундоқ билиниб турибди.
Бу гапларни эшитиб акани тер босди. Орамизда кайвони бўлган одамга мурожаат қилди:
— Менга қаранг, ошдан кейин шўрва ичса қандай бўлади?
— Зўр бўлади!
Чув тушган ака шўрва опкегани кетди. Биз эса ўзимизни кулгудан тўхтатолмадик.

Сзда ҳам савол туғиляптими, аслида шўрва қанақа эди деган? Шўрва оддий эди, ошхонада қачон яхши шўрва бўлган?

Омон бўлинг! 

6 комментариев: