среда, 4 декабря 2013 г.

Маслаҳатгўй


Бошингизга оғир кун тушса дардкаш топиш қийин. Аммо маслаҳатгўй доим топилади. У дардингизни олишга интилмайди, фақат йўл-йўриқ кўрсатади. Ўзининг бой ҳаётий тажрибасидан мисоллар келтиради. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирмоқчи бўлади.


Эътибор берганмисиз, шунақа одамларнинг гапида самимият бўлмайди. Сиздаги дардни ўз танасида ҳис қила олган одам шунчаки маслаҳат бермайди. Мавжуд ғам юрагингиздан чиқиб кетишига ёрдам беради. Кўп гапирмайди, сизни гапиртиради. Унинг юзига қараганингиздаёқ андуҳ чекина бошлайди...
Дунёдаги энг арзон нарса маслаҳат бўлса керак. Кузатинг-а, сиздаги мавжуд ҳолат юзасидан қимматли маслаҳат берган одамнинг ўз худди шу ҳолга тушиб қолса, сизданда баттар эзилади, асабийлашади. Ҳиссиётларни жиловлаш кераклиги, ўзини бошқара олиш одамга хос жиҳат эканлигини сизга уқтирган бўлсада, ўзи буни эплолмайди, мен сизга айтсам.
Ҳурматли МАСЛАҲАТГЎЙЛАР!
Кимгадир маслаҳат беришдан олдин ўзинигиз шунақа вазиятга тушиб қолсангиз нима қилишингиз мумкинлиги ҳақида яхшилаб ўйлаб олинг, хўпми? Агар ўзингизда шунга ўхшашроқ, шунга яқинроқ ҳолат бўлмаган бўлса “қимматли” йўл-йўриқларингизни ичингизда сақлайқолинг. Сизларнинг бу ҳаракатингиз халқнинг “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма” гапига мос тушиб қолади.
Хуллас, бу гапларим билан нима демоқчиман? Ия, постни жуда ғалати тугатяпману. Ахир, нима демоқчилигимни юқорида айтиб бўлдим. Охирига келиб “нима демоқчиман” эмиш...
Ўзингизни асранг! Мана ажойиб якун... Бўлмади-а, барибир...
Унда маслаҳатгўйлардан азият чекканларга бир гап айтмоқчиман: ким нима дейишидан қатъи назар юрагингизга қулоқ солинг, ақлингизга таянинг. Энг яхши маслаҳат ўша ерларда топулғуси, валлоҳи аълам! 


Комментариев нет:

Отправить комментарий