пятница, 15 ноября 2013 г.

Яхшидан қолган дарахт


2012 йил август ойида аммамнинг тўнғич ўғли, эндигина 19 ёшга кирган Хислат оламдан ўтди. Машина тузатишни ўрганган жиянимга катта бак олиб келишган ва уни тешиб беришини сўрашган. У эса ичида нима борлигини сўрамасдан сваркани ёққан. Бак ичида эса машина мойи бўлган. Қизиш натижасида бакнинг шишаётганини кўрган Хислат орқага ўгирилиб кетмоқчи бўлганида бак портлаган...


Шифокорлар баданнинг 80 фоизи куйганини айтишди. Хислат йигирма кун ўлим билан олишди. Аммо барибир бўлмади. Август сўнггида унинг жони узилди.

2013 йил ёз ойларининг бирида қариндошимиз Қозоғистондан телефон қилди. У ўша ерда машина тузатиш устахонаси очган. Тахминан беш йил олдин Хислатга “юр, айланиб келасан” деб қўшни юртга олиб борган. Сафар таассуротларини гапириб берар экан, Хислат шундай деганди: “биз борган жой чўл экан. Дарахт йўқ, биров экай ҳам демайди. Устахона ёнида ҳовуз бор эди. Ўша ҳовуз бўйига битта тол экиб қўйдим”.

Энди яна қариндош телефон қилган мавзуга қайтсак. У “ҳозир бу ерда жуда ҳам иссиқ. Хислат экан тол анча чўзилиб қолди. Ўшанинг тагида ўтирибмиз. Устахонага ким келса, шу тол тагига ўтиради ва қоқ чўлда ким шу дарахтни эккан бўлса, отасига раҳмат дейди”...

Ният қилдим, иншооллоҳ ўша кунларга етказса, Қозоғистонга бориб ўша тол тагида ўтирмоқчиман. Одамларнинг раҳматини ўз қулоғим билан эшитмоқчиман. Ҳали ҳеч нарса кўрмаган, 19 ёшида оламдан кўз юмган, ота-онасини, биз яқинларини қон йиғлатган Хислатжонга айтилажак мақтовларни ўз қулоғим билан тингламоқчиман...

Комментариев нет:

Отправить комментарий