Баҳромжон
ўзига хос феъл-атворга эга одам.
У
жуда ҳам яхши инсон. Буни унинг атрофида юрган одамлар, яқинлари, дўстлари доим
эътироф этишарди, тан олишарди.
Баҳромжон
иймонли, инсофли кишилардан. Ибодатини канда қилмайди.
У ҳеч
қачон ҳақини ерда қолдирмайди. Кимгадир руҳий зарба бериш истаги туғилса, бу
йўлда ҳеч нарсадан қайтмайди. Бу унинг қизиққонлиги билан боғлиқ эди, аслида.
Рафиқаси
Салима билан икки нафар фарзанд кўришди. Турмуш қурганларига ўн йил тўлганда
Баҳромжон айниб қолди. Бошқа аёлга уйланиш истагида эканлигини билдирди.
Оилани
сақлаб қолиш йўлида қилинган ҳар қандай ҳаракат самарасиз чиқди.
Асли
водийлик бўлган Баҳромжон воҳага куёв бўлган эди. Ёзги таътилни ўзи билан
ўтказаётган фарзандларига таклиф билдирди:
—
Давронбек ўғлим, сенга суннат тўй қилмоқчиман. Эртага телефон қилиб онангни ҳам
чақираман. Узоғи бир ҳафталарда тўйни қиламиз. Нима дейсан?
—
Урре, менинг тўйим бўлади!
Атиги
саккиз ёшда бўлган болакай жуда ҳам хурсанд эди. Баҳромжон рафиқасига телефон қилмади.
Шу йўл билан унга зарба беришни ўйлади. Тўй хабарини етказмади. Суннат тўй
онасиз ўтди. Бундан кейинчалик хабар топган Салима юм-юм йиғлади. Бориб болаларини
пойтахтга олиб келди.
Орадан
ўн кунча ўтиб Баҳромжон ҳам Тошкентга келди. Рафиқасининг ишхонасига борди.
Биргаликда музқаймоқ ейиш мақсадида кафега кирдилар. Узоқ суҳбатлашишди. Эрини
жимгина тинглаган Салима кўзида ёш билан гапирди:
—
Баҳром ака, сиз менга Давроннинг суннат тўйини кўрсатмадингиз-а? Илоҳим куёв
бўлганини кўрманг! Аллоҳ сизга ўғлингизнинг никоҳ тўйини кўришни насиб
қилмасин!
Бундай
гапни кутмаган Баҳромжон довдираб қолди. Беихтиёр кўзига ёш келди. Қалбидаги
муз эриди. Билиб-билмай қандай хато қилиб қўйганини англади.
—
Салима, ундай дема, илтимос, гапингни қайтариб ол!..
Орадан
йиллар ўтди. Даврон ҳам катта йигит бўлиб қолди. Олий ўқув юртини битириб ишлай
бошлади. Уйланадиган вақти келди.
Мана,
Давронбек ёнида ёри билан тўйхонага кириб келмоқда. Фарзандининг энг бахтли
кунини кузатиб турган Баҳромжон рафиқасига ўгирилди:
—
Эсингдами, сен менга илоҳим ўғлимизнинг куёв бўлганини кўрманг дегандинг. Лекин
сени айтганинг бўлмади. Мен ўғлимнинг тўйини кўрдим! Унинг иқболидан
хурсандман. Ўшанда
гапингни қайтариб ол дегандим-а, лекин қайтариб олмадинг. Мен сенга қандай озор
берган бўлсам, сен ҳам худди шундай жавоб бермоқчи бўлдинг. Қўлингдан
келмади-ку...
Аммо
унинг гапларини ҳеч ким эшитмасди. На рафиқаси, на ўғли.
Биринчи
сўзга чиққан одам гап бошлади:
— Давронбекнинг отаси раҳматли Баҳромжон яхши инсон
эди...
duodan ko'ra duoyiband ko'p ushaladi o'zi azaldan!
ОтветитьУдалить