среда, 12 февраля 2014 г.

Электрон эринчоқлик

“Чемпион” газетасида Ҳасанали ота имзоси билан мақолалар ёзадиган одамнинг материалларини мароқ билан ўқир эдим. Нимасидир ёқарди. Ҳажми жуда катта бўлардию, лекин охирига етиб боришга тоқат етар эди.

Ўз навбатида дастлаб “Чемпион”, кейинчалик “Стадион” газеталарида ишлаган Қаҳрамон Аслановнинг ҳам мақолаларига ҳеч қачон бефарқ қараган эмасман. Фикр, таҳлил, муаммо, ечим унинг материалларида доим бўлган.



Вақт ўтиб “Чемпион” ва “Стадион” газеталари ёпилди. Уларнинг сайти эса ишлашда давом этди. Биз газетада ўқиб ўрганган мақолаларимизни сайтларга кириб мутолаа қилишимиз керак бўларди. Айни шу дамда менда ҳақиқий муаммо пайдо бўлди. Яъни электрон материалларни ўқишга сабрим чидамаслиги яққол билинди.

Илгари мақоласини ўқиб маза қилган муаллифларнинг электрон кўринишдаги материалларини охиригача ўқий олмай қолдим. Бошини яхши бошлайман. Ўртасига келганда эса “хуллас, тушунарли” дея саҳифани ёпаман. Бунинг сабабини билмайман. Дастлаб экранга узоқ вақт термулиб турсам, кўзим оғриса керак деб ҳам ўйладим. Лекин компьютер қаршисида 6-7 сооатлаб ПЕС ўйнаган пайтларим бўлган. Нега ўшанда кўз оғримаган?

Ҳозирча бу саволга жавоб тополмадим. Энг яхшиси электрон эринчоқликни енгиш шарт деган хулосага келдим. Ҳозир ноутбукда 40 тача китоб бор. Ўшаларни ўқиш орқали ўзимдаги ёмон одатни йўқ қилмоқчиман.

Ҳа айтганча, Андроид телефонимда “Шамоили Муҳаммадийя” китобини ўқиб чиқдим. Охиригача.

Биз китоб ўқиб катта бўлганмиз. Аммо электрон нашрлардан фойдаланиш қулайроқ бўлган даврда яшаяпмиз. Яъни мен уйимда йўқ кўплаб китобларни интернетдан топишим мумкин. Улар орасида дунёда ягона нусхада сақланаётган китоблар ҳам бор. Демак, давр билан ҳамнафас қадам ташлаш керак.

Енгамиз. Эринчоқлик биздан чекинсин. Кўпроқ ўқиймиз. Асосан жаҳон адабиётини. Журналини эмас, умуман олганда, жаҳон адабиётини.


Агар адашмасам, электрон эринчоқлик бошқаларда ҳам бор. Сизга ҳам бу одатдан воз кечишни маслаҳат бераман. Саломат бўлингсизлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий