четверг, 2 августа 2012 г.

Ўйлаб топилмаган, ҳаётий ва қизиқ воқеалар



Ҳаётимиз давомида турли инсонларга дуч келамиз, қизиқарли воқеаларга гувоҳ бўламиз. Баъзида уларга эътибор ҳам бермаймиз. Мен ҳаётимда содир бўлган ана шундай қизиқ воқеаларни сиз билан баҳам кўришга қарор қилдим. Умид қиламанки, менинг қисқа ҳикояларим сизга маъқул келади...




Онамнинг айтишларига қараганда 3 ёшлик пайтимда минггача санай олган эканман. "Фотиҳа" суръасини ҳам ёддан айтарканман. Айтмоқчи бўлганим хотирам  азалдан яхши бўлган. Барча қизиқ воқеалар "зудлик билан" хотира дафтарига ёзиб қўйилади.

ИЛК ҲИКОЯ

1997 йили Самарқандга, бобомларникига меҳмонга бордик. Ҳаммага маълум, ёш болалар бирор жойга борадиган бўлса дарров кўчага чиқиб ўзига янги дўстлар топиб олади. Хуллас, менда ҳам шундай бўлди. Ҳали тузукроқ ҳол-аҳвол сўрамасдан туриб кўчага чиқиб кетдим. У ерда биринчи танишган ўртоғим Даврон мени бошқа болалар билан таништира бошлади:
— Танишинглар, Темур, Тошкентдан келган.
Шу пайт четда жимгина турган бола гапга қўшилди:
— Тошкентликмисан?
Тасдиқ ишорасини қилдим.
— Менинг холам ҳам Тошкентда яшайдилар. Биз тенги ўғиллари бор. Шаҳбоз деган болани танийсанми?
— Йўқ, танимайман. Тошкент ката-ку, улар қаерида яшайди?
— Билмасам, "дом"да туришади-да.
— У ерда деярли ҳамма "дом"да туради.
— Танимас экансан нега тошкентликман дейсан?
Унга тушинтиришларим зое кетди. "Бечора" Тошкент катта шаҳар эканлигини, у ерда кўп одам яшашини, ҳаммани таниб бўлмаслигини тушунишни истамасди. У болани бошқа кўрмадим. Кўрсам ҳам эслолмагандирман.Лекин ўша воқеани ҳар эслаганимда кайфиятим кўтарилади. Содда ўзбегим...

ИККИНЧИ ҲИКОЯ

Аксига олгандек иккинчи воқеа ҳам Самарқанд билан боғлиқ. Қадиммий шаҳардан ўша пайтларда яқин бўлган (тақдир тоқозоси билан фақат саломлашамиз) қадрдоним келиб қолди. Уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирдик. Гап асносида менга савол берди:
— Темур, дадам мен билан акамга Тошкентдан уй олиб бермоқчи. "Алайский" деган жойдан олиб бераман деди. У "Алайский" деган жой қайси тарафда?
— Билардинг шекилли?
— Эслолмаяпман-да!
— Амир Темур хиёбонидан Юнусобод томонга қараб юрасан-ку, биринчи чорраҳадан ўтасан, иккинчисида ҳам ўтганингдан кейин ўша жой "Алайский" бўлади.
— Ие, "Алайский" Олой бозорининг ёнидами?

Изоҳ йўқ...

1 комментарий: