Биз тоғлардан қанчалик узоқлашсак унинг маҳобатини, қанчалик гўзаллигини ҳис эта бошлаймиз. Аммо ёнида турган пайтимизда бу гўзаллик бизга билинмайди. Олдингда оққан сувни қадри йўқ деган гап ҳам балки шунга айтилгандир. Талабаликнинг олтин давр эканлиги ҳақидаги гапларни негадир университетда ўқиб юрган пайтимизда кам таъкидлардик. Худдики ҳамма нарса табиий равишда бўляпти ва бу жараён тўхтамайди. Аммо ўқишни битирганимиздан кейин жонажон ЎзМУ нинг қадри шу даражада билина бошладики, буни шунчаки тил билан таърифлаб бериш қийин.
Битирув оқшоми куни болалар билан ҳам ойда бир марта чойхонада йиғилиб туришга келишиб олдик. Ўша пайтда 30 чоғлик одам бу фикрни қўллаб-қувватлаган бўлса, чойхонага 5 тача одам келди. Йиғилган пайтларимизда кимнинг иши қандай кетаётгани ҳақида сўроқлар кўпайиб кетади. Йигитлар ўзи ишлаётган газета, телеканал, радиоканал ҳақида гапириб беришарди. Айни пайтда футбол нашрида ишлаётган Азамат Муродов анча пайт чойхонага келмади. Яқинда йиғилганимизда қизиқ воқеа содир бўлди.
Уни анчадан бери кўрмаган курсдошлар бошида нега келмадинг деб гина қилишган бўлса, кейин саволларга ўтишди:
— Қаерда ишлаяпсан?
— “Стадион”да.
Йигитлар унинг изоҳ бериши кутмай бирин-кетин гапира бошлайди.
— “Бунёдкор”нинг янги қурилаётган стадионида ишлаяпсанми?
— Менимча “Пахтакор”да ишлаётган бўлса керак. У ерда чимни алмаштиришяпти шекилли?
— Балки “Локомотив” стадионида бўлса керак, у ерда ҳам таъмирлаш ишлари ҳалиям тугамади.
Бу орада сўз навбати ваниҳоят Азаматга етиб келди.
— Йигитлар, гапимни тушунмадинглар. Сизлар назарда тутаётган стадионда эмас, “Стадион” газетасида ишлаяпман!
Комментариев нет:
Отправить комментарий