Биз сизга тахминан 80-йилларда бўлиб ўтган воқеани ҳикоя қилмоқчимиз. Ўша пайтларда футбол клубларидан бирида ҳеч кимга ўхшамаган, ҳар томонлама ажралиб турадиган бошлиқ бўларди. Унинг таъсир доираси шу даражада кенг эдики, ҳамма жойга гапи ўтарди. Аслини олганда гегемон жамоада ишлаш жараёнида ҳар қандай одам бу каби хусусиятларни ўзида мужассам этиб олади. Қаҳрамонимиз ҳам шундай тоифага кирар эди.
У ўша давр футболида керак бўлса ҳамма нарсани ҳал қила оларди. Келишилган ўйинлар ташкил қилишдан тортиб, ўзини қизиқтирган ҳар қандай футболчини қай кўринишда бўлса ҳам жамоасига олиб келар эди. Унинг шартнома имзолаши борасида ҳам афсоналар юрарди. Биз у билан замондош бўлган инсонларнинг хотираларига таяниб, бошқача бошлиқнинг кирдикорларини эсга оламиз.
Футбол ишқибозлари орасида мардликка асосланган бир гап бор: шундоқ ҳам жамоа кучлику, нега ҳакамни сотиб олишади деб асабийлашишади. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам ўз жамоаси ишқибозларини шундай тарзда ажаблантирарди. Яққол кучсиз рақиблар билан ўйинда ҳам ҳакамлар ёрдамига таянарди. Икки ўртада сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Энг қизиқ тарафи, у бошқараётган клубда мамлакатнинг энг кучли футболчилари йиғилган эди. Лекин бу жиҳат ҳам қаҳрамонимизни ҳакамлар билан келишишдан, футболнинг ривожи учун эмас, уни ўлдиришга қаратилган ишлардан қайтара олмасди. Аслини олганда у футболни севмасди. Миллионлар ўйинига шунчаки катта пул топиш манбаи сифатида қарарди. Умуман олганда унинг мақсадлари амалга ошганди. Яъни катта бойликнинг эгасига айланди.
Унинг бундан кўзлаган асосий мақсади ўзига керак бўлган пайтдагина шартнома йилини ёзиб олиш эди. Масалан футболчи беш йил ўйнайди. Кейин бошлиқнинг ёнига келадида клуб учун ўтган йилар давомида борини беришга ҳаракат қилганини, энди ўз кучини бошқа клубда синаб кўрмоқчилигини айтади. Шунда қаҳрамонимиз нима дейишини биласизми?
— Эй сен, нималар деяпсан болакай, клуб билан ҳали тўрт йиллик шартноманг борку. Ҳеч қаёққа кетмайсан.
Бечора футболчи эса ҳеч нарсани тушунмайди.
— Нималар деяпсиз ака, беш йилга шартнома тузгандик. Ўша воқеага ҳам беш йил бўлди. Мен энди агентман энди.
— Сен адашдинг. Хоҳласанг шартномангни кўрсатаман. Яна тўрт йил бизнинг клубда ўйнашга мажбурсан. Қайсидир клуб сени ўз таркибига қўшиб олишни истаса марҳамат қилиб тарнсферинг учун пул тўлаб қўйсин!
Унга ишонмаган футболчи шартномасини кўрсатишини сўрайди. Қараса дарҳақиқат яна тўрт йил шу клубда ўйнаши керак... Юқорида айтганимиздек бу воқеалар собиқ тузум даврида бўлган. Йўқса ўша бечора футболчи прокуратурага мурожаат қилиб шартнома қачон имзолангани борасида текширув ўтказилишини сўраган бўларди. Аммо ўз ҳуқуқларини билмаган футболчи бошини чангаллаганча қолаверарди.
Унинг яна бир иши машҳур бўлиб кетганди. Қаҳрамонимиз ишлаётган клубнинг асосий рақибларидан бири умуман бошқа шаҳар шарафини ҳимоя қиладиган жамоанинг асосий футболчиси ўз таркибига жалб этди. Буни эшитган бошлиқнинг пайтавасига қурт тушди. Наҳотки шундай кучли футболчи асосий рақиб таркибидан жой олса? Наҳотки бу ҳолатга
индамай ўтириш мумкин? У нима қилди дейсизми? Шартта ўша футболчига телефон қилдида, уни ўз жамоасига ўтишга даъват этди. Рақиби бермоқчи бўлган пулдан икки бараварини ваъда қилди. Унинг гапларига учган футболчи бебурдликни бўйнига олди. Яъни бир клуб билан оғзаки келишиб бошқаси билан расмий шартнома имзолади.
Бу ишга жавобан рақиб жамоа бошлиқнинг клубидан уч нафар энг асосий футболчиларни ўзига оғдириб олди! Мана буни ҳақиқий жавоб деса бўлади! Улар бу ҳаракат билан футбол оламида фақатгина қаҳрамонимизнинг хўжайин эмаслигини, ундан бошқаларнинг ҳам қўлидан нимадир келишини исботлашди.
Шу билан қаҳрамонимизнинг қинғир ишлари тугади деб ўйлайсизми? Қаёқда дейсиз, у ишлари кўламини кенгайтирди фақат. Футболни зулукдек сўришда давом этди. Бу воқеага анча бўлибди, якун қандай бўлди дерсиз? Афсуски, бу борада бизда маълумотлар умуман йўқ. Аслини олганда якун қандай бўлгани бизни ҳам қизиқтиради. Кўринишидан ҳали якундан дарак йўқ. Агар бу борада маълумотга эга бўлсак албатта сиз билан баҳам кўрамиз. Ҳозирча бори шу...
Комментариев нет:
Отправить комментарий