понедельник, 11 марта 2013 г.

«ТБИЛИСИДА ТОШКЕНТ КЎЧАСИ БОР»

дейди Грузиянинг «Чвенебуреби» фольклор ансамбли хонандаси, 
«Шарқ тароналари — 2011» халқаро фестивали совриндори Соломон Гогашвили






Мен Ўзбекистон ҳақида ўйлаганимда кўз олдимга тинч ривожланиб бораётган мамлакат келади, — дейди у. — Ватанингиз билан бизни ажиб хотиралар боғлаб туради. Тошкентга борганимизда буюк ватандошимиз Шота Руставелига ҳайкал ўрнатилганини кўрдик. Юртдошларингиз бизга Нодар Думбадзе ҳақида ҳам гапиришди. Унинг жуда кўп асарлари ўзбек тилига таржима қилинган экан. Шунда англадимки, ўзбек ва грузин халқларини нафақат санъат, балки адабиёт ҳам бир-бирига жуда яқинлаштирган. Мен ҳам ўз навбатида Тбилисида Тошкент кўчаси борлигини айтдим. Ҳар гал ундан ўтганимда Ўзбекистонни, у ерда ўтказган ҳаяжонли дамларни эслайман, қўмсайман. Кенг ва равон кўчалар, юксак савияда ташкиллаштирилган фестиваль...
Бутун гуруҳимиз билан Ўзбекистон пойтахтини томоша қилдик, айландик. Юртдошларингиз бизга грузин рақсларини ижро этиб беришди...


 «Шарқ тароналари» фес­ти­вали ҳақидаги фикрларингиз?
— Бу ажойиб фестивалда нафақат Шарқ мамлакатларининг вакил­ла­ри, балки жаҳоннинг турли бур­чак­ларидан келган маданият на­­­моян­­­­­­­­­далари иштирок этмоқда. Самар­қандда фақат «Шарқ тароналари» эмас, дунё тароналари янграйди. Биз Куба, Италия ва Африкадан келган санъаткорларнинг чиқишларини катта қизиқиш билан томоша қилдик. Самарқанд қадим-қадимдан турли миллатлар, турли маданиятлар туташган манзил ҳисобланган. Ҳозир ҳам шаҳар ўзининг мана шу мавқеини сақлаб турибди.
Бизнинг гуруҳимиз бу нуфузли ­фестивалда илк бор иштирок этганига қарамай, фахрли учинчи ўринни эгаллаганини ғурур билан айтаман.
«Шарқ тароналари» бизга жаҳоннинг турли бурчакларидан келган маданият вакиллари билан суҳбатлашиш, фикр алмашиш имконини берди. Уларнинг баъзилари билан ижодий алоқалар ўрнатдик. Бу ҳамкорлик ҳамон давом этмоқда. Интернет орқали мунтазам гаплашиб турибмиз. «Айсва» гуруҳи билан бирга қўшиқ куйладик, ҳамкорликда альбом тайёрлаш режамиз ҳам бор. Демак, «Шарқ тароналари» маданиятлар, миллатлар яқинлашувига, санъатлар, мусиқалар уйғунлашувига, халқлар, давлатлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
2011 йил «Шарқ тароналари»нинг очилиш маросимида шахсан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қатнашди. Шунинг ўзи ҳам мазкур фестивалга эътибор қай даражада эканлигини кўрсатади. Айтишим керак, у кишининг самимий тилаклари бизга руҳ бағишлаган эди.

— Юртимизга келгунингизга қадар Ўзбекистон, Самарқанд ҳақидаги тасаввурларингиз қандай эди?
— Биз Ўзбекистонда грузин санъати ва маданиятини яхши кўришларини билар эдик. Мен халқингизни ўзининг анъаналарига содиқ қолган миллат сифатида ҳурмат қиламан. Ватанингизга борганимдан кейин менда шундай ҳиссиётлар уйғондики, қанчадир вақт Ўзбекистонда яшагим ҳам келиб қолди!
Самарқандга келсак, тўғриси, бунақа чиройли шаҳарни илгари кўрмаганман. Ҳар бир гўшасида ўзига хос гўзаллик мужассам. «Регистон» майдони эса афсона, эртак... Бу ерда туриб қўшиқ куйлаш ҳар қандай хонанда учун бахт. Бу гапларни муболағасиз айтяпман. Дунёнинг энг машҳур қўшиқчиларидан бири италиялик Аль Бано ҳам бежизга Самарқанд тупроғини ўпиб, ҳурмат бажо келтиргани йўқ. Аслида, Самарқандга келган ҳар қандай хорижлик унинг тупроғини кўзига суриши тайин.
Бутун дунёдан келган санъаткорларни бағрига олгани учун, Регистонда қўшиқ айтишимизга имконият бергани учун Самарқандга раҳмат.


— Пойтахтимиз Тошкент сизда қандай таассурот қолдирди?
— Тошкент чиройли, замонавий шаҳар. Юқорида айтганимдек, Грузия пойтахти Тбилисида «Тошкент» номли кўча бор. Бу Тошкент нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда ҳам машҳур шаҳарлардан бири эканлигининг тасдиғидир.
Очиғи, Тошкент оқшоми менга жуда ҳам ёқди. Ҳавоси яхши, кўчалари кенг. Энг муҳими тинч, осо­йишта.

— Ўзбек қўшиқчилик санъати ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзбек мусиқаси ўзига хос ритми билан бошқалардан ажралиб туради. Мен фестивалда қатнашган ўзбекистонлик санъаткорларнинг чиқишларини диққат билан кузатдим. Мукофотланганлар орасида «Сато» гуруҳи ва хонанда Илёс Арабов бор эди. Улар ўзларининг чиройли ижролари билан ажралиб туришди.
Биз ўзимизни Ўзбекистоннинг дўсти деб ҳисоблаймиз. Бунинг исботи тариқасида «Шарқ тароналари»га борганимиздаги кийимларимизни мисол келтирмоқчиман. Ўшанда уларнинг бир томонида Грузия байроғи бўлса, бош­қа томонида Ўзбекистон байроғи бор эди. Буни чин юракдан қилганмиз. Илгари Ўзбекистонга келмаган бўлсак-да, доимо руҳан ўзимизни юртингизга яқин сезганмиз.
Тбилисида ўзбек миллий таомлари тайёрланадиган ресторан ҳам бор. Булар бизга доимо жаннатмакон Ўзбекистонни эслатиб туради. Ўзбек ва грузин халқи бир-бирини яхши кўради, қаттиқ ҳурмат қилади.
Ўзбекистонда дўстларимиз кўп. Ва умид қиламанки, бизнинг дўстлик алоқаларимиз фақат мустаҳкамланади.

— Юртдошларимизга тилакларингиз?
— Ўзбек халқи санъатсевар халқ. Санъатни фақат гўзал қалб эгаларигина сева олади, ҳис қилади. Қаерда тинчлик бўлса, ўша ерда мусиқа, қўшиқ янграйди. Ўзбекистондаги тинчлик мустаҳкам бўлсин, абадий бўлсин.
Ўзбек халқи ўзининг қадимий анъаналарига эга. Истардимки, ҳар доим шунақа бўлсин.
Ўзбекистон ва у ерда ўтган бахтли дамларни ҳеч қачон унутмаймиз. Саволларингизга жавоб қайтарар эканман, ўзимни худди Самарқандда юргандек ҳис қилдим. Шу йил бўладиган фестивалга ҳам таклифнома олдик. Тўғриси, буни ўзимиз учун шараф, деб биламиз. «Шарқ тароналари»да кўришгунча хайр!

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



2 комментария:

  1. Albatta, Gruzin san’atkorining O‘zbekiston va o‘zbek xalqi haqida aytgan gaplari har qanday odamni hursand qiladi. San’atkordan bundan boshqacha gap ham eshitish amri mahol, aslida. Ko‘p fikrlarini inkor etishdan ham ma’no yo‘q. Lekin, baribir bitta gapni aytaman. Toshkentda Rustaveli, Tbilisida Toshkent ko‘chasining paydo bo‘lishida gruzin va o‘zbek xalqi orasidagi yaqinlik va do‘stlikdan ko‘ra, Sobiq Ittifoq davridagi ko‘chalarga qardosh respublika shaharlari va mashxur insonlari nomini berish an’anasi samarasi, nazarimda. Bishkekda ham Moskva, Kiyev ha hokazo ko‘chalar mavjud. Shu o‘rinda, mustaqliikdan so‘ng bu ko‘chalarning nomi o‘zgarmagani, aloqalar darhaqiqat yaxshi ekanidan dalolat ekanini ham ta’kidlamay ilojim yo‘q. Umuman, maqola menga yoqdi. :)

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Бир тарафдан ҳақсиз — номларнинг қўйилишида Собиқ Иттифоқнинг таъсири кучли. Лекин аслида яқинлик бўлмай, марказ ихтиёри билан қўйилган номлардан иттифоқ парчалангач дарров воз кечилди. Масалан, Бишкек илгари Фрунзе дейиларди. Ўзгартирилди-ку. Бизда бунга юзлаб мисоллар келтирса бўлади. Лекин бир нарсани эътироф этиш керак — грузин санъатига жаҳон тан берган.

      Умуман олганда эса, мақола ёққанидан хурсандман. :-)

      Удалить