вторник, 19 марта 2013 г.

Ўйлаб топилмаган, ҳаётий ва қизиқ воқеалар — 4



ОЛТИНЧИ ҲИКОЯ

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон раҳматли дадам, шоир Аъзам Ўктамнинг устози бўладилар. Болалигимиздан уларнинг хонадонларига кўп борамиз, оилавий яқинлик бор. “Ўзбекистон овози” газетасида энди иш бошлаган вақтим эди. Газеталар корпуси зинасининг ёнида чекиш жойлари бор. Ўша ерда сигарет чекиб тургандим. Шу пайт “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси томондан Анвар Обиджон кела бошладилар. У кишини кўришим билан сигаретимни ташлаб юбордим. Чунки дадамнинг устозларини ҳурмат қилиш баробарида бироз ҳайиқардим ҳам. Менга яқинлашганларида шошиб салом бердим. (Чекаётганимни кўрмаган бўлсалар зўр бўларди деган ўй хаёлда чарх урарди)


— Ассалому алайкум!
— Ва алайкум асслом, қалайсан, уйдагилар яхшими?
— Яхши раҳмат, ўзингиз тузукмисиз?
— Мен ҳам яхшиман. Тушликка чиқдингми?
— Йўқ, энди чиқаман.
Жавобимдан кейин кичкина сумкаларини очиб унинг ичидан бешта минг сўмлик пул чиқариб менга узатдилар.
— Бугун менинг ҳисобимдан шашлик ерсан.
— Овора бўлманг, раҳмат, овқатланишга пулим бор.
— Овқатланишга пулинг борми?
— Ҳа.
— Унда сигарет оларсан.
Устимга бир челак муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Индамай пулни олдим. Анвар Обиджон бир жилмайиб қўйдилар-да, пастга тушиб кетдилар.

Мен ўз навбатида Анвар акадаги зукколикка яна бир бор тан бердим. У киши “чекаётган экансанми”, “нега чекяпсан” демадилар. Чекаётганимни кўрганликларини чиройли усулда билдириб қўйдилар. Бўлиб ҳам, ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган ҳолда...

Ҳозир эса қарийб етти ойдан бери сигарет чекмаётганимни мамнуният билан айта оламан. 

2 комментария:

  1. Анвар Обиджондек содда, самимий, ўз ишининг фидойиси ва худо берган талант эгаси ўзбек халқи, адабиётининг бахти. У кишининг ҳар бир суҳбатидан одам ижобий энергия олади. У кишининг гапиришдан кўра эшитишни яхши кўриши асарларидаги ажойиб топилмаларнинг манбаи бўлса керак.

    ОтветитьУдалить